Жаҳон | 13:55 / 03.11.2021
4168
4 дақиқада ўқилади

Туркия университетларидан бирида Ўзбекистон хотира боғи ташкил этилди

Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги университетлардан бирида Ўзбекистон хотира боғи ташкил этилди. Бу ҳақда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Маълум қилинишича, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимларидан иборат делегациянинг Туркия Республикасига ташрифи чоғида Ўзбекистон хотира боғида дарахт экиш тадбири ҳам ташкил этилган.

Ташрифдан мақсад, Ўзбекистон ҳудудидан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломалар, хусусан, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ҳамда уларнинг издошлари бўлган олимларнинг илмий меросини халқаро жамоатчиликка етказиш, жаҳон қўлёзма фондларида сақланаётган Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида, калом ва тасаввуф соҳаларига оид қўлёзма ҳамда тошбосма асарларининг факсимиле нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш, Ислом илмларининг бугунги кундаги аҳамиятини тадқиқ этиш йўналишида халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришдир.

Фото: Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Делегация аъзолари сафар давомида Туркиянинг “TRT AVAZ” телерадиоканали директори Седат Сағиркая билан учрашган. Унда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Абул Муин Насафий каби алломаларнинг Ислом цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш юзасидан “TRT AVAZ” телерадиоканали билан ҳамкорликда медиа маҳсулотлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар тайёрлаш бўйича музокаралар олиб борилган.

Шунингдек, делегация вакиллари Ислом тафаккури институтига ҳам ташриф буюриб, институт раҳбати профессор Меҳмет Гўрмез билан ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан музокара олиб борди, дейилади хабарда.

Фото: Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Делегация аъзолари сафар доирасида Анқара Йилдирим Боязид университетига бориб, университет ректори профессор Иброҳим Ойдинли билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилишди.

Қайд этилишича, Анқара Йилдирим Боязид университети ҳудудида янги дарвоза барпо этилмоқда. Ушбу дарвоза билан ёнма-ён Ўзбекистонда етишиб чиққан буюк мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳамда қардош турк халқининг ўзбек миллатига бўлган юксак эҳтироми рамзи ўлароқ, “Ўзбекистон хотира” боғи ҳам бунёд этилмоқда.

Ўзбекистон делегациясининг ушбу университетга ташрифи муносабати билан “Ўзбекистон хотира” боғининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси ходимлари, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакиллари, Анқара Йилдирим Боязид университети профессор-ўқитувчилари ҳамда нуфузли меҳмонлар иштирок этдилар. Ўзбекистон делегацияси вакиллари эзгу ниятлар ила ушбу боққа илк ниҳолларни ўтқаздилар.

Фото: Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Фото: Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Шунингдек, Туркия сафари давомида делегация вакиллари Туркия миллат кутубхонасига ҳам ташриф буюриб, у ердаги нодир қўлёзмалар, қадимий ҳамда замонавий манбалар билан яқиндан танишдилар.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур кутубхонада Ўзбекистон бурчаги ҳам ташкил қилинган бўлиб, унда мамлакатимизда чоп этилган адабиётлар ҳамда давлатимиз ҳақидаги нашрлар ўрин олган.

Мавзуга оид