Архив фото: Livejournal / Орхидея

Тошкентнинг қоқ маркази – айни пайтда Миллий боғ деб номланувчи ҳудуд азалдан пойтахт аҳолиси ва меҳмонларининг севимли жойи бўлган. Талабалар, мактаб ўқувчилари ва умуман ҳордиқ чиқарувчилар билан ҳамиша гавжум бўлган бу ҳудуд бир тарафдан қадимий Бешёғоч майдони, иккинчи тарафдан “Халқлар дўстлиги” саройи билан туташган.

Иттифоқ даврида Комсомол кўли деб номланган, халқимизнинг қўл меҳнати эвазига барпо қилинган кўлда бир неча авлод чўмилиб улғайган. Бу жойда машҳур фильмлар ишланган, неча йилларки келин-куёвлар энг эсда қоларли онларини шу ерда тарихга муҳрлаганлар.

Ўзбекистонликлар бу кўлни 1932 йилда ҳашар йўли билан қуришган эди.
Ихтиёрий ҳашарга аёллар ҳам келиб, кўл қурилишига ҳисса қўшишган.

Сувли ва яшил бу ҳудуд майдони йиллардирки қисқариб бормоқда. Мустақилликнинг дастлабки йилларида унинг катта ҳудуди ўраб олиниб, Олий Мажлисга ажратиб берилди.

Кейинчалик Ёзувчилар уюшмаси кўчириб келиниб, алоҳида бинолар қурилди, Адиблар хиёбони ташкил этилди. Атоқли ёзувчиларнинг ҳайкалларидан иборат аллея пайдо бўлди. Яқинда эса боғ ва кўлнинг катта қисми ўрнида чет элдаги қасрлардан андоза олинган “Magic City” мажмуаси қад ростлади.

Видеодан кадр: Afisha.uz

Бу янги ғоялар фақат яшил ҳудуд ва кўлдан капсан олиш ҳисобига амалга оширилгани таажжубли. Сўнгги маълумотларга кўра, бу кўл батамом қуритиларкан.

Сунъий йўлдош тасвирлари / Фото: Google Earth Pro

Daryo'нинг аниқлашича, қуритилаётган кўл ўрнига ё драма театри, ё опера театри қурилиши мўлжалланган. Аммо ҳали тугал фикр йўқ. Қизиғи, нима қурилиши номаълум бўлса-да, қурувчи компания аниқ: Enter Engineering.