Ўзбекистон | 13:49 / 12.11.2021
5989
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров «Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон» темир йўли лойиҳасини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Истанбул шаҳрида ўтаётган Туркий кенгаш саммити доирасида ўзига ажратилган қароргоҳда Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашув ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарларининг жорий йил март ойида Тошкентда ўтган учрашуви чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик барқарор суръат билан ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажмлари ортмоқда, авиақатновлар кўпаймоқда. Машинасозлик, электротехника, энергетика, қишлоқ хўжалиги, логистика ва бошқа тармоқларда, шу жумладан янгидан ташкил этилган Қўшма инвестиция жамғармаси ресурсларини жалб қилган ҳолда истиқболли кооперация лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Маданий алмашинувлар кенгаймоқда, муҳим гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.

Учрашувда “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини жадал илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги шерикликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Аввалроқ, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Истанбул шаҳрига келгач, ўзига ажратилган қароргоҳда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Боғдод Амреевни қабул қилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид