Ўзбекистон | 12:41 / 19.11.2021
3533
4 дақиқада ўқилади

Сенаторлар «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги конституциявий қонунни маъқуллади

Қонун фавқулодда ҳолатни жорий этиш шартлари ва тартиби, қўлланиладиган чоралар ва чеклашлар, фуқаролар ҳуқуқларининг кафолатлари, судлар фаолияти ва бошқа масалаларни тартибга солади. Қонунга кўра, мамлакат ҳудудида фавқулодда ҳолат муддати 30 суткадан ошмаслиги керак ва бу муддат фақат президент фармони билан узайтирилиши мумкин, фармон эса парламент томонидан тасдиқланиши лозим.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисида «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги конституциявий қонун муҳокама қилинди.

Қонунда фавқулодда ҳолатни жорий этишда вужудга келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган нормалар акс эттирилган. Хусусан, фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартиби, қўлланадиган чоралар ва чеклашлар, фавқулодда ҳолат амал қиладиган давр учун жорий этиладиган махсус давлат бошқарув органлари, фавқулодда ҳолат шароитида жисмоний ва юридик шахслар, шунингдeк, мансабдор шахс ҳуқуқлари кафолатлари, фавқулодда ҳолат шароитларида судлар фаолиятини тартибга солувчи қоидалар назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонунда фавқулодда чоралар, уларнинг таъсири доираси, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, юридик шахслар ҳуқуқ ва эркинликларига ўрнатилаётган вақтинчалик чекловлар, уларга юклатилаётган қўшимча мажбуриятлар, кучга кириш вақти ҳамда амал қилиш муддати каби бир қанча чоралар тартибга солинмоқда.

Қонун билан республика бўйича жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати 30 суткадан, унинг айрим жойларида жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати эса 60 суткадан ошиши мумкин эмаслиги, агар фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадларига эришилмаган бўлса, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши президент фармони билан яна бир муддатга узайтирилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Маълумот учун, фавқулодда ҳолат – бу давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг алоҳида иш режими бўлиб, бунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда юридик шахслар ҳуқуқларини махсус қонун билан белгиланган чеклашларга йўл қўйилади, шунингдек, уларга қўшимча мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин. Фавқулодда ҳолат вақтинчалик тадбир ҳисобланиб, реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, ички қуролли можаролар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар юз берган тақдирда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилади.

Аввалроқ, Сенат «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги конституциявий қонунни кўриб чиқиши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди. Бундай қонун қабул қилиш 2021 йилги давлат дастурининг 246-бандида белгиланганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил март ойида Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси кириб келиши ортидан республикада фавқулодда ҳолат жорий этиш зарурати туғилди, бироқ қонунчиликда фавқулодда ҳолат жорий этиш тартиби белгиланмагани бунга тўсқинлик қилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасида президент республиканинг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этиши мумкинлиги, фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланиши айтилган бўлса-да, бу бўйича қонун қабул қилинмай келган.

Шунингдек, карантин даврида фавқулодда ҳолат жорий этилмаган ҳолда фуқароларни МЖтКнинг 205-моддаси (фавқулодда ҳолат эълон қилинган жойларда миш-мишлар тарқатиш) билан нотўғри жавобгарликка тортиш ҳолатлари ҳам кузатилди.

Фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ муносабатлар «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун билан тартибга солиб келинмоқда.

Аббос Салайдинов
Тайёрлаган Аббос Салайдинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид