Англия: «Челси»да ҳимоячи тўпурарлар

«Лестер» — «Челси» — 0:3 (Рюдигер, 14. Канте, 28. Пулишич, 71).

Кўклар ҳамон Лукаку ва Вернерсиз ўйнашда давом этмоқда, аммо лондонликларда ҳатто ҳимоячилар ҳам рақиб дарвозаси қаршисида даҳшатли кучга айланишади. Биринчи ҳужум чоғида мезбонлар дарвозаси тўсинига зарба йўллаган Чилуэлл ҳам бу ҳақда эслатди. Рюдигернинг голи эса — жамоа ҳимоя чизиғи вакилларининг мавсум бошидан бери урган 13-голи бўлди ва бу кўрсаткич АПЛнинг бошқа жамоалари ҳимоячилари урган барча голлардан кўпроқ. Бу эпизодда «Челси» ўзининг кучли томонларини намойиш этди, «тулкилар» эса энг ожиз томонини, Роджерс шогирдлари бу мавсумда стандарт вазиятлар вақтида бош билан берилган зарбаларни энг кўп ўтказиб юбормоқда.

Лекин бу биргина эпизод. Умуман олганда ҳам «Челси» рақибдан бир бош юқори эканини кўрсатди. Иккинчи голли ҳужум ҳам бу устунлик ифодаси эди, ҳужумни одатда рақиб ҳужумларини бузиш билан шуғулланадиган Канте аъло даражадаги маҳорат билан якунлади. Пешқадамларга танаффус ёрдам кўрсатгани яққол сезилди, танаффус арафасида «Челси» аутсайдер «Бёрнли»ни мағлуб этолмаганди. «Лестер» эса Брендан Роджерс «МЮ»га кетиши ҳақидаги хабарларга чалғигандек ўйин кўрсатмоқда, шотландиялик мураббий эса ҳозирча бундай миш-мишларни рад этмоқда.

«Уотфорд» — «Манчестер Юнайтед» — 4:1 (Кинг, 28. Сарр, 44. Жоау Педру, 90+2. Деннис, 90+6 — ван де Бек, 50).

Фото: JOHN WALTON/GETTY IMAGES

Бу вақтда «қизил иблислар»даги инқироз янада чуқурлашмоқда, Оле Гуннар Сульшерга босим ҳам кучаймоқда. Норвегиялик мутахассис, албатта, муваффақиятсизлик чоғида ҳам ижобий сўзлар топмоқда - у босим футболчиларни бор кучи билан ўйнашга мажбур қилаётганини айтмоқда. Аммо жамоадаги ҳолат ташқаридан ҳам кўриниб турибди, бош мураббийнинг матбуот анжуманидан кейин Лингард Instagram саҳифасида «Вест Ҳэм» формасида тушган суратини жойлаштирди.

Лондон клубига ижарага берилган вақтида ушбу яримҳимоячи жуда зўр ўйинлар кўрсатганди, аммо «МЮ»га қайтиб у яна асосий таркибга кира олмади. Ван де Бек Сульшерни қутқариб қолганида ғалати вазият юзага келган бўларди — у Сульшер мураббий бўлиб қолаётганидан энг кўп жабр кўраётган футболчидир. Захирадан ўйинга қўшилгач, нидерландиялик футболчи жуда ёрқин ўйин кўрсатди ва аввал ҳисобни қисқартирди, кейин шериклари учун бир неча бор вазиятлар яратди, аммо унинг иштирокидаги комбинация якунида Криштиану Роналду урган гол офсайд туфайли бекор қилинди.