Сўнгги бир неча ҳафта ичида АҚШ расмийлари ва «Толибон» ҳаракати ўртасидаги муносабатларда бир нечта воқеалар содир бўлди, экспертлар буни муносабатларнинг илиқлашуви ва ҳатто расмий алоқаларни тиклаш йўлидаги дастлабки қадамлар деб баҳоламоқда.
Оқ уй ва Афғонистоннинг янги ҳукумати ўртасидаги барча муносабатлар 2021 йилда АҚШ ва унинг иттифоқчилари мамлакатни тарк этиши ва толиблар Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаши билан узилган эди. Ўшанда АҚШ ҳукумати Афғонистоннинг АҚШ банкларидаги ҳисоб рақамларида бўлган ва дастлаб толибларга беришдан бош тортган маблағларининг бир қисмини музлатиб қўйган, шунингдек, Кобулдаги янги режимни тан олмаганди.
Биринчидан, АҚШ Федерал қидирув бюроси ўз сайтида «Толибон» ҳукуматининг амалдаги ички ишлар вазири ва «Толибон» қанотларидан бири бўлган «Ҳаққоний террорчилик тармоғи» асосчиларидан бири Сирожиддин Ҳаққонийни қўлга олиш учун эълон қилинган 10 миллион долларлик мукофотни бекор қилди.
Сирожиддин Ҳаққоний толиблар орасида Ҳайбатулло Охундзодадан кейинги иккинчи нуфузли шахс саналади.
Шунингдек, Давлат департаменти «Ҳаққоний» тармоғининг яна икки юқори мартабали раҳбари Абдулазиз Ҳаққоний ва Яҳё Ҳаққонийни ҳам қидирувдагилар рўйхатидан олиб ташлаган
Ҳаққоний билан бирга «Ҳаққоний тармоғи"нинг яна икки юқори мартабали етакчиси: Абдулазиз Ҳаққоний ва Яҳё Ҳаққонийни қўлга олиш учун мукофотни бекор қилди.
Шу билан бирга, АҚШ Давлат департаменти Сирожиддин Ҳаққоний ва тармоқнинг бошқа икки аъзоси ҳамон халқаро террорчи ҳисобланишини, «Ҳаққоний тармоғи»нинг ўзи эса АҚШда террорчи ташкилот сифатида тан олинганини маълум қилган.
Хўш, АҚШ нега «Толибон» ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний учун белгиланган мукофотни бекор қилди-ю, лекин террорчилар сафидан чиқарилмади?
Афғоншунос Ҳамза Болтаевнинг фикрича, ушбу мукофот бекор қилинишини Илон Маск бошчилигидаги давлат самарадорлигини ошириш бўйича янги департамент фаолияти билан боғлаш мумкин. Чунки у давлат ҳаражатларини ревизия қиляпти.
«Ундан ташқари, авваллари АҚШ «Толибон» билан муносабатларини учинчи томон воситасида амалга оширган, лекин Вашингтоннинг бу галги ҳаракатлари Трамп маъмуриятиининг «Толибон»га нисбатан янги стратегиясининг илк қадамлари сифатида баҳоланиши мумкин.
Шунингдек, асли этник афғон бўлган Залмай Ҳалилзоданинг Кобулда музокаралар ўтказгани Вашингтоннинг «Ҳаққоний тармоғи»га эътибор қаратётганидан дарак», дейди у.















