Ўзбекистон | 18:14 / 02.12.2021
2228
3 дақиқада ўқилади

Сенатнинг янги веб-сайтида ҳар бир сенаторнинг қонунни маъқуллаш ёки рад этишдаги иштироки очиқланади

Олий Мажлис Сенатининг янги ишлаб чиқилаётган веб-сайтида сенаторларнинг ҳар бир қонунни (қарорни) маъқуллаш ёки рад этишдаги иштироки тўғрисидаги маълумотлар жойланади. Бу ҳақда Kun.uz сўровига мувофиқ Сенат тақдим этган маълумотда айтилади.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

«Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонида Олий Мажлис палаталарига ўз расмий веб-сайтларида баъзи маълумотлари жойлаштириш тавсия этилган эди.

Сенат матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, бугунги кунда ташкилот расмий веб-сайтида парламент назорати объектларининг ҳисоботларини эшитиш натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар тизимли равишда жойлаштириб борилмоқда. Сенат расмий сайтида, шунингдек Олий Мажлис Сенати аъзоси ҳақидаги маълумотлар — иш жойи, лавозими, туғилган сана ва жойи, миллати, ҳудуди, маълумоти, мутахассислиги, давлат мукофотлари ҳамда қўмита аъзолигига доир маълумотлар билан ҳам танишиш мумкин.

2019 йил 23 августдан бошланган Сенат ялпи мажлисларининг тўғридан тўғри эфирга узатилиши ҳозирга вақтга қадар давом этмоқда. Ўз навбатида, Сенатнинг янги биносида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун тегишли шароитлар яратилиб, Сенат қўмита мажлислари (ёпиқ мажлислар бундан мустасно) ҳам жонли эфирга узатилиши таъминланиши маълум қилинди.

Шунингдек, сенаторнинг ҳар бир қонунни (қарорни) маъқуллаш ёки рад этишдаги иштироки тўғрисидаги маълумотлар, сенаторларнинг электрон почта манзиллари Сенатнинг янги ишлаб чиқилаётган веб-сайтида ўз аксини топади.

Лекин Сенат матбуот хизмати ташкилотнинг янги веб-сайти қачон ишга тушиши борасида аниқ маълумот беролмаслигини билдирди

Очиқликка доир президент фармонида 1 декабрдан амалга ошириш юзасидан берилган тавсиялар қачондан Қонунчилик палатасида жорий қилиниши бўйича қуйи палата матбуот котибига юзландик. Қонунчилик палатаси матбуот котиби, депутат Наврўз Ризаев бу ҳафта қуйи палатада йиғилиш бўлмаслигини, ўзи ҳозир сайловчилар билан учрашувда эканлигини, кейинги мажлисда бу ҳақда маълумот беришини айтди.

Маълумот учун, бунгача Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлислари жонли эфирда узатилиб келаётган, бироқ Қонунчилик палатаси, Жўқорғи Кенгес ҳамда маҳаллий кенгашлар мажлисларининг очиқлиги таъминланмаган эди.

Президент фармони билан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати ҳам тасдиқланган бўлиб, Аксилкоррупция агентлиги директори Акмал Бурҳонов Kun.uz’га берган интервюсида бу ҳақда батафсил тўхталган эди.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид