Жаҳон | 19:53 / 03.12.2021
26288
6 дақиқада ўқилади

«Ҳарбий зиддиятнинг даҳшатли сценарийси». Лавров ва Блинкен ўртасида Украина масаласида жиддий таҳдидлар алмашилди

Энтони Блинкен Лавров билан очиқ мулоқот ўтказди. Фото: TASS

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен шу йилнинг май ойидан буён илк марта ўзаро учрашув ўтказди. ЕХҲТ давлатлари ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Стокҳолмда ўтказилган учрашувида томонлар Украина атрофидаги вазият бўйича кескин баёнотлар билан алмашишди. Ғарб давлатлари Москва Украина чегаралари атрофида қўшин тўплаб, ҳужум қилишга тайёргарлик кўрмоқда, деб ҳисоблайди, Россия ҳукумати эса НАТО шарққа томон кенгайишига йўл қўймаслигини таъкидлаб, Киевни Донбасс муаммосини куч билан ҳал қилишга уринишда айблайди.

Лавров билан учрашувда Блинкен Украина билан зиддиятни кескинлаштирса, Россияни жиддий санкциялар кутаётгани ҳақида гапирди.

«Инқироздан қочишнинг энг яхши воситаси - бу дипломатия [...], жумладан Минск келишуви мажбуриятларини бажариш ва россиялик ҳарбийларни олиб кетиш [Украина чегаралари яқинидан]. Қўшма Штатлар бунда ўз ҳиссасини қўшишни истайди, аммо очиқлик билан айтиш керакки, агар Россия конфронтацияга (адоват) борса, уни жиддий оқибатлар кутади», деган Давлат департаменти раҳбари.

Ушбу учрашувдан кейин АҚШ делегациясининг шахсини очиқлашни истамаган вакили Reuters агентлигига учрашув «жиддий, ҳушёрлик билан ва ишчи руҳида» ўтгани ва ҳеч қандай кутилмаган ҳодисалар бўлмагани ҳақида гапирди. Манбанинг қайд этишича, Блинкен Лавровга, Вашингтон Россия ва Украина ўртасида можаро кучайишининг олди олинишини исташини, агар Москва барибир шу йўлдан борадиган бўлса, уни санкциялар кутажагини айтган.

Украина, Европа ва АҚШ разведкаси сўнгги ҳафталар давомида Россия яна ўз қўшинларини Украина чегаралари бўйлаб жойлаштираётгани, бу эса Украина шарқидаги кескинликни кучайтириши ва ҳатто мамлакатнинг бошқа регионларига бостириб кирилишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида айтиб келмоқда.

Сергей Лавров Стокҳолмдаги ўз чиқишида яна бир бор НАТОни Россия манфаатларини игнор қилишда, шунингдек, Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда айблади.

«Ҳарбий қарама-қаршиликнинг даҳшатли сценарийси қайтмоқда [...] Украина ҳарбий жиҳатдан кучайтирилмоқда [...] Альянснинг ҳарбий инфратузилмалари масъулиятсизлик билан Россия чегараларига яқинлаштирилмоқда, Руминия ва Польшада ракета ҳужумидан мудофаа тизимлари жойлаштирилган, улар зарбдор комплексларга айланиши ҳам мумкин. Европа ҳудудларида америкаликларнинг ўрта масофага ҳаракатланувчи ракеталари пайдо бўлиши мумкин», дея Лавровдан иқтибос келтирган ТАСС.

Владимир Путиннинг сўзларига ишора қилган ҳолда ТИВ раҳбари Россия «ҳеч қандай зиддият истамаслиги»ни таъкидлади. «НАТОдаги ҳамкорларимиз ташкилотга киришни истаган ҳар қандай давлатга - у буни уддалай олиш-олмаслигидан қатъи назар - буйруқ беришга ҳеч ким ҳақли эмаслигини айтар экан, биз халқаро ҳуқуқ қоидаларига таянган ҳолда, ҳар бир давлат хавфсизлик соҳасидаги қонуний манфаатларини таъминлаш йўлларини танлаш ҳуқуқига эга эканини айтамиз», дея Лавровнинг Блинкен билан музокаралар аввалидаги сўзларини келтирган «Интерфакс».

Кечки овқат вақтидаги айтишув
Украина нашрлари украин делегациясидаги манбасига асосланган ҳолда вазирлар учрашувидан олдин, чоршанба оқшомида бир томонда Лавров, иккинчи томонда Блинкен ҳамда Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба иштирокидаги норасмий кечки овқат маҳалида даҳанаки тортишув бўлиб ўтган. Бу ҳақда «Украинская правда» хабар тарқатган ва бу маълумот «Укринформ» давлат агентлиги томонидан ҳам тасдиқланган.

«Ўз нутқини у [Лавров] Украинадаги давлат тўнтаруви ва миллатчилар ҳақидаги иғволи тезислар билан олиб борди. Бу дипломатик тортишувга сабаб бўлди. Бошқа барча вазирлар гувоҳлигида Кулеба сўз олди ва Лавровга жойини кўрсатиб қўйди», деган «Украинская правда» манбаси.

Лавров билан учрашувдан олдин Энтони Блинкен украиналик ҳамкасби Дмитро Кулеба билан гаплашиб олди. Фото: AFP

Манбанинг сўзларига кўра, Кулеба Россия Украина ҳудудини ўққа тутаётгани ва украин ҳарбийларини ўлдираётганини, шунингдек, доимий равишда ЕХҲТ миссияси кузатувчилари фаолиятига тўсқинлик қилиб келаётганини айтган. Шу манба маълумотига кўра, Энтони Блинкен украиналик ҳамкасбини қўллаб-қувватлаган. Кейин Лавров яна сўз олган ва яна турли айбловлар билдирган ва яна Кулеба ҳамда Блинкен унга жавоб қайтарган.

Пайшанба куни Блинкен Лавров билан мулоқотидан олдин Кулеба билан ҳам учрашган.

Россия томони Лавров, Блинкен ва Украина ТИВ раҳбари иштирокидаги можароли ҳолат юзасидан изоҳ бермаган.

Пайшанба куни Лавров Стокҳолмда бошқа ҳамкасбларидан ташқари Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс билан ҳам алоҳида учрашув ўтказди. «Мен яна бир бор Бирлашган Қироллик Украина суверенитетини қўллаб-қувватлашини таъкидладим. Биз шунингдек Эрон, Афғонистон ва икки томонлама масалаларни муҳокама қилдик», дея ёзган Трасс хоним учрашувдан кейин.

Мавзуга оид