21:22 / 06.12.2021
3901

АҚШ давлат котиби Мьянма ҳарбий ҳукуматини Аун Сан Су Чжини озод қилишга чақирди

Вашингтон Мьянма ҳукуматини мамлакатдаги вазиятни «тинч йўл билан ҳал қилиш учун барча манфаатдор томонлар билан конструктив мулоқотга» чақирган.

Фото: AP

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен тўрт йилга қамалган Мьянма собиқ давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжига чиқарилган ҳукмни адолатсиз деб атади ва мамлакат ҳукуматини уни озодликка чиқаришга чақирди. Унинг бу борадаги баёноти Давлат департаменти сайтида эълон қилинди.

«Аун Сан Су Чжига чиқарилган адолатсиз ҳукм ва ҳокимиятнинг демократик тарзда сайланган бошқа вакилларига нисбатан қатағонлар – Мьянмадаги демократия ва адолатга нисбатан яна бир чақирув. Биз Аун Сан Су Чжи ва ноҳақ қўлга олинган барчани озодликка чиқаришга чақирамиз», — дейилади Блинкеннинг баёнотида.

Вашингтон Мьянма ҳукуматини мамлакатдаги вазиятни «тинч йўл билан ҳал қилиш учун барча манфаатдор томонлар билан конструктив мулоқотга» чақирган.

Аввалроқ Мьянма собиқ давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи армия ичида қарама-қаршиликлар келтириб чиқаргани ва коронавирус билан боғлиқ чеклов қоидаларини бузгани учун тўрт йилга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинганди.

76 ёшли сиёсатчига нисбатан умумий ҳисобда 10та жиноий айблов, жумладан давлат сирларини ошкор қилмаслик қонунини бузиш айблови билдирилган. Айбловларнинг аксарияти коррупция билан боғлиқ.

Аун Сан Су Чжи давлат маслаҳатчиси сифатида мамлакатни бошқариб келган. У парламент сайловлари натижаларини сохталаштириш айблови билан 1 февралдаги давлат тўнтаруви давомида ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан четлатилганди.

Аун Сан Су Чжига 1991 йилда Нобель тинчлик мукофоти берилган.

Канада парламенти 2018 йилда Мьянмадаги роҳингя мусулмонларига қарши содир этилган қирғинда иштирок этгани сабабли Аун Сан Су Чжини Канада фахрий фуқароси мақомидан маҳрум қилган.

Top