Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда аномал иссиқ ҳарорат кузатилади, бу Ўзбекистонга ҳам таъсир қилиши кутиляпти
Ҳафта давомида Россияда меъёрдагидан юқори ҳаво ҳарорати кузатилади. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга кўра, мазкур ҳарорат Ўзбекистон иқлимига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
13-19 декабр кунлари Россиянинг Европа қисмида иссиқ об-ҳаво кузатилади. Бу ҳақда Росгидромет директори Роман Вилфанд маълумот берди, деб ёзади Lenta.ru “ТАСС”га таяниб.
Манбага кўра, шимоли-ғарбий федерал округда пайшанба ва жума кунлари (16 ва 17 декабр) термометр меъёрдан 7-8 даража иссиқни кўрсатади. Россия жанубида, Краснодар ва Ростов ўлкаларида ҳафта бошида ҳаво ҳарорати меъёрдан 4-6 даража юқори бўлиши кутилмоқда.
Волгабўйи, Рязан ва Владимир вилоятларида ҳафта охиригача меъёрдан 8-9 даража юқори ҳарорат кузатилади.
Бу ҳолат ғайритабиий иссиқлик “шимолни тўсиб қўювчи” ва совуқ ҳаво массаларининг ҳудудга кириб келишига тўсқинлик қилувчи ҳодиса билан боғлиқлиги айтилмоқда.
“Нега совуқнинг бостириб келишини кутмаймиз? Синоптиклар: “Шимол ёпиқ” дейишади. Бу шуни англатадики, шимолий кенгликларда ғарбдан 60 параллел ва ундан баландроқда шарқий ўтиш бор. Шимолий Муз океанида қанчалик совуқ тўпланмасин, келаси ҳафта у Россия ҳудудига кира олмайди”, деган Вилфанд.
Гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатов телеграм каналида ёзишича, мазкур ҳаво тўлқини Ўзбекистондаги ҳаво ҳароратига ҳам ўз таъсирини ўтказади.
“Ўзбекистонга катта эҳтимол, ҳафта охирларида Кавказ ҳудудлари орқали Урал-Волгабўйи ҳудудларига кириб бориши кутилаётган илиқ ҳаво тўлқини таъсир кўрсатади ва дам олиш кунлари ҳаво илий бошлайди.
Яқин кунларда Россияга совуқ ҳаво оқимларининг кириб кела олмаслиги ёки бошқача айтганда, Россия учун илиқ қиш мавсуми Ўзбекистон учун ҳам илиқ қиш кунлари бўлишига олиб келади”, деб ёзади олим.
Аввалроқ, ҳафта бошида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайиши, вақти-вақти билан ёғингарчилик бўлиши хабар қилинганди. Хусусан, 14 декабр куни Сурхондарё вилояти жануби ва Фарғона водийсининг ғарбий ва марказий қисмларида кучли ғарбий шамоллар эсиши айтилган. Республиканинг бошқа ҳудудларда ёмғир ёғиши ва у қорга айланиши ҳам мумкинлиги билдирилган.
“14 декабрда куннинг 2-ярмидан Ўзбекистонга совуқ антициклон кириб келади. Бунда ҳаво совий бошлайди. Бу жараён 16 декабрга қадар давом этиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечқурун -1 -6 даража совуқ, кундузи +2 +7 даража илиқ атрофида бўлади”, дея Kun.uz’га маълум қилганди Эркин Абдулаҳатов.
Шунингдек, “Ўзгидромет” 13-15 декабрь кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кечалари -3 -8 даража совуққача, кундуз кунлари 0-5 даража илиққача, шимолда кечалари -7 -12 даража совуққача, баъзи жойларда 14-16 даража совуққача, кундуз кунлари -3 даража совуқ ва 2 даража илиққача пасайишини прогноз қилганди.