Ўзбекистон | 23:06 / 23.12.2021
12519
3 дақиқада ўқилади

Қатор озиқ-овқат маҳсулотларига берилган ҚҚС имтиёзлари яна 4 ойга узайтирилиши кутилмоқда

Гўшт, картошка, ўсимлик ёғи каби маҳсулотлар импортига берилган ҚҚС имтиёзлари 2022 йил 30 апрелга қадар узайтирилиши мумкин.

Фото: Getty Images

Кунгабоқар ва соя уруғлари ҳамда ўсимлик ёғи импорти, шунингдек, ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва ички бозорда реализация қилиш 2021 йил 1 майдан 31 декабргача, гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни мамлакатга олиб кириш 10 октябрдан 31 декабргача қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган эди.

Парламент депутати Дониёр Ғаниев телеграм-каналида ёзишича, юқорида кўрсатилган маҳсулотларга нисбатан ҚҚС имтиёзлари 2022 йил 30 апрелга қадар узайтирилиши мумкин.

«Яқинда бўлиб ўтган Бюджет лойиҳаси муҳокамаси доирасида 2022 йилда инфляция даражасини жорий йилга нисбатан пасайтириш, аҳолининг харид қобилиятини ошириш ва энг асосийси, истеъмол таркибидаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарор сақлаш мақсадида Ҳукумат вакиллари, жумладан Бош вазир ўринбосари Жамшид Анваровичдан озиқ-овқат маҳсулотлари учун жорий йил охиригача берилган ҚҚС имтиёзлари муддатини узайтириш масаласини кўриб чиқишни сўрагандим.

Бугун Парламентга Ҳукумат томонидан киритилган қонун лойиҳасида айнан шу таклиф инобатга олиниб, жорий йил охиригача берилган имтиёзлар муддати яна 4 ой муддатга чўзилиши назарда тутилмоқда», деб ёзди у.

Ғаниевнинг маълумот беришича, ушбу қонун лойиҳасига асосан 2022 йил 30 апрелга қадар қуйидагилар ҚҚСдан озод қилинади:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш;
  • ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма;
  • гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни мамлакат ҳудудига олиб кириш.

«Ўйлайманки, Ҳукумат томонидан кўрилаётган ушбу фискал чоралар бозорларимизда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини нафақат барқарор сақлашга, балки уларни пасайтиришга ҳамда аҳолининг ушбу маҳсулотларга бўлган талабини тўлақонли қондиришга хизмат қилади» дея фикр билдирган депутат.

Мавзуга оид