Ўзбекистон | 21:42 / 08.01.2022
14719
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда таниш аёлникига борган фуқарони видеога олиб, сўнг уни тарқатишини айтиб пул олган блогернинг иши судда кўрилмоқда

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида тасвирга олган видеосини интернетда тарқатмаслик эвазига фуқародан 2 миллион сўм пул талаб қилиб, 1 миллион сўм олган блогернинг иши кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят суди матбуот котиби хабар берди.

Фото: Getty Images

Маълум бўлишича, 2021 йил 25 май куни соат 21:00 ларда фуқаро С.С. Нишон тумани Нуристон маҳалласида яшовчи таниш аёлнинг уйига борган. Шу куни кеч соат 03:30 да икки нафар шахс аёлнинг хонадонига бостириб кирган. Уларнинг бири ўзини «Маъруф блогер» деб таништириб, С.С.ни уриб, телефони билан тасвирга туширган.

Шундан сўнг «Маъруф блогер» С.С.га видеотасвирни ижтимоий тармоқларга чиқариб юбориб шарманда қилишини айтиб, ундан 2 миллион сўм пул талаб қилган. С.С. ҳолат юзасидан ИИБга мурожаат қилган.

Мурожаат юзасидан 2021 йил 29 май куни ўтказилган тадбирда фуқаро Р.М. С.С.дан талаб қилинган 2 миллион сўмдан 1 миллионини олган вақтда ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Р.М.га нисбатан Нишон ИИБ тергов бўлинмаси томонидан Жиноят Кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

2021 йил 17 ноябрь куни, Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди томонидан Р.М. Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди (товламачилик) ва 139-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган (туҳмат) жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Дастлабки суд жараёни ва тайинланган жазога эътироз билдирган судланувчи Р.М. белгиланган муддатда юқори инстанцияга шикоят қилган. Судланувчининг мазкур шикоят аризаси 2022 йил 7 январь кунидан бошлаб Қашқадарё вилоят суди жиноят судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилмоқда.

Маълумот учун, 2022 йил 6 январь куни Қашқадарё вилояти судида таниқли спортчи Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилиши юзасидан 26 нафар кишига нисбатан очиқ суд бошланган

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид