«Қозоғистондаги вазиятдан, аввало, Ўзбекистон ҳушёр бўлиши керак, акс ҳолда, биздаги маълумотларга кўра, тўполон ташкилотчиларининг нигоҳи, жумладан, Ўзбекистонга қаратилган», деди у.

Ушбу ҳолатга жамоатчилик фаоллари бирдамлик билан тезкор муносабат билдиришди.

«Бу — дипломатик хато»

Бобур Бекмуродов, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати

«Мамлакатимизнинг у ёки бу халқаро ташкилот билан ҳамкорлиги масаласи аввало, мустақил Ўзбекистон халқи ва давлатининг миллий манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилинади.

Бугунги кунда кузатилаётган хорижий сиёсатчиларнинг ташқаридан туриб «сабоқ» бериши ва маълум қарорни қабул қилишга шама қилиши ўта ноўрин ҳолат ва дипломатик хато деб ҳисоблаймиз», дея ёзган у телеграмдаги каналида.

«КХШТга қўшилиш учун амалдаги қонунлар йўл қўймайди»

Қобил Хидиров, блогер (Davletov.uz канали муаллифи)

«Кеча Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида янграган турли фикр ва мулоҳазалар ортидан ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг мазкур ҳарбий блокка қўшилиш эҳтимоли ҳақида баҳс-мунозаралар билдирилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ҳарбий доктрина ва Ташқи сиёсий фаолият концепциямизга мувофиқ, Ўзбекистоннинг ҳарбий-сиёсий блокларда қатнашмаслиги ҳамда ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектларни жойлаштиришга йўл қўймаслиги қонуний асослар билан белгилаб қўйилган. Яъни КХШТга киришга қонун йўл қўймайди.

Ўзбекистон КХШТга аъзо давлатлар билан тўғридан тўғри икки томонлама ҳарбий-техник ҳамкорликни фаол амалга ошириб келмоқда. Россия билан эса Ўзбекистон муносабатлари иттифоқчилик даражасида, шунинг учун ҳам КХШТга Ўзбекистоннинг кириши ҳақидаги гап-сўзлар хомхаёл, мамлакатнинг бугунги прагматик ташқи сиёсатига тўғри келмайди.

Ўзбекистон ҳарбий блоклардан кўра икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришни афзал кўради. Ўзбекистон ушбу позициясини анчадан бери юқори доираларда қатъий таъкидлаб келади ва энг асосийси, бундай принципиал ёндашув халқимиз ва давлатимизнинг манфаатларига тўлиқ хизмат қилади».