Арман Дикий ўзи шундоқ ҳам жиноят оламининг машҳур шахсларидан бири эди. Қозоғистондаги тартибсизликлар пайтида у яна диққат марказига чиқди. Эндигина 37 ёшга кирган йигит бу қадар тезлик билан катта таъсирга эга шахсга айланиши алоҳида тарихга эга.
Боксдан жиноят оламига
Чимкентдаги камбағал оилада туғилган Арман Жумагелдиев болалигидан боксга қизиқади ва бу спорт турида қатор муваффақиятларга эришади. Гарчи гавдаси улкан ва техникаси яхши бўлмаса-да, қайтмаслиги ва чайирлиги билан мураббийлар эътиборини қозонади. У ўз фаолияти давомида 16 та медаль олишга муваффақ бўлган ва уларнинг 10 таси олтин медаллардир. Энг кўзга кўринарли ютуғи – жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритгани бўлган.
Бокс берган ишонч уни аста-секин «кўча» сари етаклайди ва жиноят оламига у кўпчилик қатори ўзаро можаролар (криминал разборкалар) орқали кириб келади. Ҳар қандай тортишувларда бир-икки оғиз сўздан кейин муштини пайдар-пай ишга солиши ва ҳеч кимни аямаслиги туфайли у «Дикий» («Ёввойи») ёки «Бешений» («Қутурган») лақабларини олади.

Криминал авторитетга айланиши
Профессионал боксдан четлашиш ортидан Чимкент кўчаларида саргузашт излаб кезиш ҳам кучаяди. Чапдастлиги туфайли уни бозорлардаги можароларни ечишга, қарз ундирувларида ҳакамлик қилишга чақира бошлайдилар ва аста-секин бу шаҳарда ўзига хос шахс шакллана боради. Арман Дикий номининг ўзиёқ кўчадаги кўп масалалар ечимида калит вазифасини ўтай бошлайди ва Жумагелдиев ўз атрофига тарафдорларини тўплаб, ҳар қандай топшириқни бажаришга тайёр гуруҳ яратади.
Унинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари назарига тушиши илк бор 2003 йилда юз беради. Арман ёки унга тегишли одамлар кўчада икки йигитни дўппослаб, бор-будини шилиб олишда, камига бирининг қорнига ўқ узиб, оғир жароҳат етказишда айбланади. Лекин тергов жуда суст олиб борилади ва негадир судгача етиб бормайди.
Дикийнинг иккинчи бор «хат»га тушиши 2005 йилда юз беради. У пайтлар Жумагелдиев президент Назарбоевнинг фаол тарафдорларидан бири эди ва «миллат отаси»га қарши айтилган ҳар қандай гапга муштлари билан жавоб беришга ўрганганди. Ўшанда «Турист» меҳмонхонаси залида қозоқ мухолифати тадбири бўлиши керак эди. Арман бошлиқ талончилар меҳмонхонага бостириб киришади ва ҳаммаёқни остин-устун қилиб ташлашади. Тадбир иштирокчилари дўппосланади, етакчилар қочиб қолиб, жароҳатсиз қутулишади. Қизиғи, яққол видеолавҳалар, гувоҳлар ва аризаларга қарамай яна Арман «шартли муддат» билан қутулиб қолади ва эркинликда қолаверади.

















