14:44 / 15.01.2022
16015

“Снослар” масаласидаги баҳсли қоидалар бўйича низом ўзгартирилди

Янги қоидага кўра, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш белгиланган ҳудуддаги битта мулкдор бу лойиҳага қарши чиққан тақдирда ҳам, инвестиция лойиҳаси амалга оширилмайди.

Фото: KUN.UZ

Ҳукуматнинг 10 январдаги қарори билан, хусусий мулк дахлсизлиги масаласидаги баҳсли қоидалар бўйича низом ўзгартирилди.

Мазкур ўзгариш моҳиятини Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз Telegram-каналида қуйидагича тушунтирди.

“Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори билан тасдиқланган Низом асосида ҳокимият ва “учар тадбиркор”лар аҳоли розими йўқми, инобатга олмаган ҳолда, “ҳудуднинг архитектура қиёфасини яхшилаш” ниқоби билан фуқароларнинг уй-жойларини буздириб, ўзларига фойда берадиган объектларни қуриб сотиш билан шуғулланиб келишаётган эди.

Низомга кўра, қайсидир ҳудудда фуқароларнинг кўчмас мулкларини бузиш ҳисобига инвестиция лойиҳасини амалга ошириш керак бўлса, дастлаб ўша жойнинг мулкдорлари билан очиқ муҳокама ўтказилиши керак.

Энди низомга ўзгартириш киритилиб, ўша очиқ муҳокама давомида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган ер участкасида инвестиция лойиҳаси амалга оширилишига битта мулкдор қарши бўлган тақдирда ҳам, мазкур ҳудудда ушбу инвестиция лойиҳасини амалга оширишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилибди.

Бу, менимча, фуқароларнинг мулк дахлсизлигини таъминлаш йўлидаги яхши амалий қадам. Биз бизнес юритиш, инвестиция оқимини кучайтириш, энг муҳими, фуқаро ва давлат ўртасидаги ишончнинг мустаҳкамлигида бу талаб қанчалар зарур эканлигини кўрдик.

Энди бу камчиликларни кеч бўлса ҳам тўғрилаб, судсиз ёки компенсациясиз мулкларидан маҳрум бўлиб, йиллаб сарсон юрган фуқаролар олдидаги қарзимизни қоплашимиз керак.

Дарвоқе, яқинда адлия вазири Руслан Давлетов “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши билан Вазирлар Маҳкамасининг 911-сон қарори билан тасдиқланган ушбу низом бекор қилиниши ҳақида айтиб ўтганди. Ҳозирда ушбу қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишга тайёрланмоқда”, дея ёзди депутат Расул Кушербаев.

Маълумот учун, Жаҳон одил судлов лойиҳаси халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан юритиладиган рейтингда (2021 йил ҳисоботида) Ўзбекистон мулкларни суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мусодара қилиш бўйича энг ёмон натижалардан бирини қайд этиб келмоқда.

2021 йил давомида Ўзбекистонда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан 3 мингдан ортиқ мулкдорга жами 1 триллион 37 миллиард сўмдан ортиқ компенсация маблағлари тўланган.

2022 йилда эса ушбу йўналишдаги компенсациялар учун бюджетдан 500 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Top