15 январ куни кечаси Андижон вилоятида вилоят перинатал маркази ҳовлисидаги 12 туп дарахт кесиб ташлангани ҳақидаги хабарлар блогерларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Маълум бўлишича, Андижон шаҳар ободончилик корхонаси ходимларига дарахтларни кесиш буйруғи вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов томонидан берилган.

«Қирғиндан омон қолган ҳар бир дарахтга медал бериш керак»

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ўз блогида дарахтларга қарши қирғиндан омон қолган ҳар бир дарахтга медал бериш ҳақидаги кинояомуз таклифини илгари сурди.

«Кўнгилни оғритадиган бирор хабар эшитсанг, у хабар Андижонга тааллуқли бўлса, шу хабарнинг, қоида тариқасида: «Бу ишлар бошида ҳокимбува турибди эмиш», деган давомиям бўлади-я, нуқул.

Ўзбекистондаги дарахтларга қарши жорий қирғиндан омон қолган ҳар бир 5-10 ёшдан катта дарахтга ҳозирдан ҳар йили медалми, орденми беравериш керак, менимча. «Қаҳрамон дарахт» деганми, шунга ўхшашроқ ном билан.

Президент жорий этган мораторийдан ҳам (ўзи, умуман олганда, ҳеч ким ва ҳеч нарсадан) қўрқмайдиган ҳокимларимиз, экополицияларимиз, экоқўмиталаримиз ва дарахтларимиз ҳимояси учун масъул барча давлат валломатларимизнинг саноқсиз арраларидан «қочиб», кейинги шундай валломатларимиз ҳукмронлигигача эсон-омон етиб олган ҳар бир дарахтимиз, шубҳасиз, миллий қаҳрамонимиздир. Уларни уруш фахрийлари сифатида ардоқлаш лозим».

«Ҳокимбува, муқаддас нарса борми ўзи сиз учун?»

Дарахтлар қирғини масаласида блогер Шаҳноза Соатова ҳам фикр билдирди.

«Андижон вилоятида вилоят перинатал маркази ҳовлисидаги дарахтлар шанба куни кечаси (!!!) кесилмоқда. Перинатал марказ бу — аёллар кўзи ёрийдиган, чақалоқлар туғиладиган маскан. Дарахтлар уларга ҳавони тозалаб берарди. Ҳокимбува, муқаддас нарса борми ўзи сиз учун?

Умуман, дарахтларни жинояткорона кесишга буйруқ бераётган ҳамма-ҳамма, сизларда-чи?» деб ёзди у.

Андижон вилояти ҳокимлиги – «