Сурхондарёда қарздорлик туфайли 16 минг 496 нафар шахсга хорижга чиқишга тақиқ қўйилгани маълум қилинди
Сурхондарё вилоятида қарздорлик туфайли 16 минг 496 нафар шахсга хорижга чиқишга тақиқ қўйилган. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинган.
Маълум қилинишича, МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан вилоятда 16 минг 496 нафар қарздорга нисбатан Ўзбекистондан хорижга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.
Шундан 2021 йилда қарздорликни бартараф этган 7 минг 216 нафар қарздорга нисбатан қўлланган хорижга чиқиш чеклови чоралари бекор қилинган.
Бундан ташқари, Ўзбекистондан хорижга чиқувчи расмий делегация таркибига киритилгани муносабати билан 316 нафар қарздорга қўйилган тақиқ судлар томонидан бекор қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги 808-сон қарорига асосан алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаганлик учун 118 нафар алимент тўловчиларнинг четга чиқиш ҳуқуқлари тиклаб берилган.