20:57 / 03.02.2022
55075

Украина инқирози: АҚШ Европага қўшин юбормоқда, Путин Жонсонга Киевдан шикоят қилди

Пентагон АҚШ яқин вақтлар ичида Шарқий Европадаги Украина билан чегарадош давлатлар - Польша ва Руминияга қўшимча 3 минг ҳарбий юбориши ҳақида маълум қилди. Бу вақтда Россия президенти администрацияси Владимир Путин Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон билан мулоқоти ҳақида хабар берди, унда Россия раҳбари Киев Минск келишувларини «саботаж» қилаётгани ҳақида айтган.

Кирби: Путинга аниқ сигнал юбориш муҳим. ALEX WONG/GETTY IMAGES

Пентагон расмийси Жон Кирби чоршанба куни журналистларга маълум қилишича, Европага қўшимча кучлар жўнатилиши АҚШ ўз иттифоқчиларини ҳимоя қилишга тайёр эканини кўрсатади. Польша ҳам, Руминия ҳам НАТО аъзолари ҳисобланади. «Очиғини айтганда, жаноб Путинга ва бутун дунёга НАТО АҚШ учун ҳам, иттифоқчиларимиз учун ҳам муҳим экани ҳақида аниқ синал йўллаш муҳим», - деган Кирби.

Кирби иштирокидаги брифинг бошланишидан олдинроқ Reuters агентлиги шахсини сир қолишини истаган амалдорга асосланган ҳолда 3 минг кишидан 1700 нафари тўғридан тўғри АҚШнинг Шимолий Каролина штатидаги Форт-Брэгг базасидан Польшага юборилиши, Польшага бориши керак бўлган яна 300 киши ва Руминияга борадиган 1000 киши Германиядан кўчирилиши ҳақида хабар тарқатганди.

Кирбининг қайд этишича, бу 3 минг киши ўтган ҳафтада Пентагон томонидан Европага йўл олиши учун юқори шай ҳолатга келтирилиши маълум қилинган 8,5 минг кишилик контингент таркибида эмас.

НАТОнинг Руминиядаги контингентига яна минг нафар америкалик аскар жўнатилган

Пентагон вакили бу қисмлар Украина ҳудудига жойлаштирилмаслиги, шунингдек, улар Польша ва Руминияга доимий асосда эмас, «мавжуд вазиятга жавоб» сифатида вақтинчаликка жўнатилаётганини таъкидлаган. Ҳозирда ушбу икки мамлакат ҳудудида ҳам Америка армиясининг кичик контингентлари мавжуд.

Американинг Wall Street Journal газетаси ўз манбасига асосланган ҳолда хабар қилишича, Пентагон яна бир неча минг аскарга (дастлабки 8,5 мингга қўшимча) НАТОнинг шарқий қанотидаги давлатларга йўл олиш учун тайёр туриш бўйича кўрсата берган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Вашингтон минтақада кескинликни оширишда давом этаётганини қайд этган.

«АҚШ амалда Европадаги кескинликни оширишда давом этмоқда. Бу Россиянинг хавотир олиши сабабининг яққол далили», - дея Песковнинг сўзларини келтиради CNN.

Жонсоннинг Путин билан мулоқоти

Жонсон ва Путин вазият кескинлашувидан ҳеч бир томон манфаатдор эмаслигини қайд этишган. Фото: DAN KITWOOD/GETTY IMAGES

Чоршанба куни кечқурун Кремль матбуот хизмати Владимир Путин Борис Жонсон билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида маълум қилди. Бу музокаралар икки кун аввалроқ ўтказилиши кўзда тутилганди, аммо душанба куни британлар бош вазири парламентда локдаун вақтида Даунинг-стритда ўтказилган зиёфат бўйича депутатларнинг саволларига жавоб беришига тўғри келгани туфайли мулоқот қолдирилганди. Сешанба куни Жонсон Киевга ташриф буюриб, Владимир Зеленский билан учрашди ва Россияни қўшинларини украин чегараларидан нари олиб кетишга чақирди.

Россия президенти администрацияси хабарига кўра, Жонсон ва Путин Украина атрофидаги вазият ва Россия Ғарбдан талаб қилаётган хавфсизлик бўйича кафолат масаласини муҳокама қилган, шунингдек, Россия президенти «Киевнинг сурункали равишда Минск келишувларини саботаж қилиши»га эътибор қаратган.

«НАТО Россиянинг асосли хавотирларига адекват муносабатда бўлишга тайёр эмаслиги, альянс хавфсизликнинг бўлинмаслик асосий тамойилига зид равишда «очиқ эшиклар» деб аталувчи сиёсат билан ниқобланаётгани қайд этилди», - дейилади Кремль хабарида.

Ўз навбатида, Даунинг-стрит Жонсон «Россиянинг Украина чегарасидаги сўнгги душманона ҳаракатлари муносабати билан чуқур хавотир билдиргани» ҳақида маълум қилган. «У Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда ечим топиш зарурлигини таъкидлади», - деган бош вазир вакили. Шунингдек, Жонсон Путинга «Россиянинг Украина ҳудудига бостириб киришга бўлган ҳар қандай ҳаракати фожиали хато бўлиши»ни айтган.

Шу билан бирга, Британия ҳукумати баёнотига кўра, «етакчилар ҳеч бир томон вазият кескинлашувидан манфаатдор эмаслиги бўйича келишиб олишган». «Бош вазир [Жонсон] мулоқот ва дипломатия муҳимлигини, шунингдек музокараларга Украинани ҳам қўшиш лозимлигини қайд этди», - дейилади Даунинг-стрит хабарида.

НАТО ва АҚШ жавоби сиздирилиши

Чегарада рус ҳарбийлари тўпланиши Украина қуролли кучларини жанговар шайлик ҳолатига келтирган
STRINGER/ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Уч минг америкалик аскар юбориш қарори АҚШнинг Украина атрофидаги масала бўйича Россия билан қарама-қаршиликдаги сўнгги қадами бўлди. АҚШ ва НАТОнинг бошқа давлатлари разведка маълумотларига асосланган ҳолда Россия Украина чегаралари яқинида мисли кўрилмаган миқдорда қўшин тўплангани ва бу қўшни давлат ҳудудига бостириб киришга тайёргарлик бўлиши мумкинлигини айтиб келади.

Москва бу гумонларни рад этади, шу билан бирга ушбу инқироз давомида АҚШ ва НАТОдан Украинани қачондир альянсга қабул қилиш ғоясидан воз кечиш ҳамда иттифоқ кучларини 1997 йилдан (собиқ соцлагер давлатлари энди қўшилган вақт) олдинги позицияга қайтаришни талаб қилади.

Чоршанба куни Испаниядаги El Pais газетаси АҚШ НАТОнинг бир неча кун олдин Москвага йўллаган расмий жавоб хати нусхасини қўлга киритди, газета журналистлари матнни норасмий каналлар орқали қўлга киритишган.

НАТО ва АҚШ бу жавобда Москванинг Украина ва Шарқий Европа бўйича талабларини рад этган, шунингдек Россияга ҳарбийларини Украина, Грузия ва Молдава ҳудудидан олиб кетиш, Европада қуролли кучларни чеклаш тўғрисидаги келишувга амал қилиш ҳамда Европада хавфсизлик ва қурол-яроғ назоратининг бошқа жиҳатлари бўйича музокараларга тайёрлигини айтиш таклиф қилинган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top