«Бу – информацион босим». Сиёсий таҳлилчилар Лукашенконинг Ўзбекистон бўйича охирги гаплари ҳақида
Беларус президенти Александр Лукашенко ва россиялик журналист Владимир Соловьёв ўртасидаги суҳбатда Лукашенконинг Иттифоқ давлати кенгайиши ҳақида айтган сўзлари ўзбекистонликларда норозилик уйғотиб, бу мавзу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
7 февраль куни эълон қилинган ушбу интервьюда Лукашенко 1999 йилда Россия ва Беларус иштирокида тузилган Иттифоқ давлати собиқ совет республикалари ҳисобига кенгайиши мумкинлигини айтган.
«Беларус аллақачон шу ерда [Иттифоқ давлати таркибида]. Менимча, Қозоғистон учун яхши дарс бўлди. Агар келгуси 15 йилда деб оладиган бўлсак, ишончим комил, агар биз хатога йўл қўймасак, Украина ҳам шу ерда бўлади», – деган Лукашенко.
У Арманистон «ҳеч қаерга бора олмаслиги» сабаб Иттифоқ давлатига қўшилишини тахмин қилади. Шунингдек, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга ҳам иқтисодий зарурат туфайли иттифоққа қўшилишини тахмин қилади.
Kun.uz бу борада ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимовнинг фикрлари билан қизиқди.
— Лукашенконинг кескин баёноти Ўзбекистон учун нимани билдиради?
Камолиддин Раббимов:
— Лукашенконинг бу фикрлари ўз-ўзидан ёки енгил-елпи айтилган гаплар эмас. У салкам 29 йилдан буён Беларус ҳокимиятида ўтирган тажрибали сиёсатчи.
Агар Лукашенконинг айтганларини Россия ҳукумати пропагандачиларидан бири, журналист Владимир Соловьёв ёки расмий Кремл томонидан яширилиш нияти бўлганда, Марказий Осиё давлатларини қўрқитмаслик учун ҳам интервьюнинг ўша қисми қирқиб ташлашган бўларди.
Бир томондан бу лойиҳа Путин ва Кремл билан чуқур келишилган ҳамда Беларусда шу дунёқараш мустаҳкам шаклланган.
Уларда куч ишлатиш, босим қилиш ва гибрид сиёсий технологиялар орқали ўз лойиҳаларини тузишда иккиланиш йўқ. Лойиҳалар, стратегия жуда аниқ.
Қолаверса, бу – Кремл томонидан қўллаб-қувватланаётган информацион босим. Яъни улар бу орқали расмий Тошкентга суверенитет ва расмий давлатчилигингизнинг мустақиллик рамзларига тегмаймиз, аммо ташқи сиёсатда бизга бўйсунишга тўла тайёр туришларинг керак, деган сигнални бермоқда.
Фарҳод Толипов:
— Лукашенконинг гаплари – суверен давлатларга нисбатан ҳурматсизлик. Хусусан, унинг Арманистон тўғрисидаги фикрларини олайлик. Бу борада у ўта қўпол ва қалтис фикр билдирдики, Арманистон Россияга умуман тобе бўлиб қолди, Россиясиз яшолмайди, дегандек.
Беларус президенти бу фикрларини сал юмшатган ҳолда Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистонга нисбатан ҳам билдирди.
Ўз мамлакати ҳақида гапирганда эса биз бу масалани ҳал қилиб бўлдик, биз аллақачон Россия билан бирлашиб бўлдик, деди.
Бу – Лукашенко томонидан қилинган жуда катта хато. Шунингдек, сиёсий арбобга нолойиқ гаплар.
— Расмий Тошкент вақт ўтган сари тез-тез янграётган бу каби қўпол баёнотлар, мустақил давлатнинг ички ишларига аралашувларга жавобан қандай йўл тутиши керак?
Камолиддин Раббимов:
— Бу – жуда катта савол. Ўзбекистон ҳукуматининг ички ва ташқи сиёсатда қиладиган ишлари бор.
Давлатлар учун легитимлик уни мустаҳкамловчи энг асосий унсур ҳисобланади. Яъни давлат, ҳокимият ва жамият ўртасидаги ишонч даражаси жуда муҳим. Буни Қозоғистон ва Беларус мисолида кўрдик.
Биз постсовет давлатларининг ичида ҳар сафар ижтимоий зўриқиш ёки инқирозлар пайдо бўладиган бўлса, бундан Москва ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолаётганини кўрмоқдамиз. Яъни бунда давлатларнинг геосиёсий мустақиллиги ёки пасаймоқда ёки бутунлай йўқотилмоқда.
Аммо жамият бундай муаммоларни ҳар доим англай олмаслиги мумкин. Шунинг учун, ташаббуслар давлатнинг марказлашган, онгли сиёсатида ўз аксини топиши керак. Давлатнинг легитимлиги шу орқали парваришланади.
Ўзбекистонда ижтимоий, иқтисодий ва айниқса, маъмурий–сиёсий ислоҳотлар кучайиши керак. Шунингдек, жамиятнинг давлат атрофидаги жипслигини таъминлаш сиёсий вазифа сифатида юқори даражага кўтарилиши керак.
Ўзбекистон шу пайтгача ўз ташқи сиёсатида кўп векторли ва тенг манфаатли йўналишдан боряпти. Эндиликда ҳам мана шу сиёсатни давом эттирган ҳолда ташқи дунё ва айниқса, геосиёсий ва ташқи сиёсий ҳамкорлар – Европа Иттифоқи, Америка Қўшма Штатлари, Туркия ва бошқа давлатларга Марказий Осиё учун геосиёсий мустақиллик жуда муҳим экани борасида муждалар юборилиши керак.
Фарҳод Толипов:
— Ўзбекистон мустақиллик ғоясини юқори кўтарган ҳолда ўз йўлида давом этиши керак. Қандайдир йирик давлатлар манфаатига оғиш – миллий манфаатларимизга тўғри келмайди. Қолаверса, бозор иқтисодиёти мафкураси диверсификацияни тақозо қилади.
Диверсификация қоидалари бўйича эса ҳар қандай давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланиши ва савдо коридорлари очилиши керак.
Иккинчидан, биз мустақиллик бошидан буён демократик давлат йўлини танладик. Бу борада турли демократик давлатлар тажрибасини кўпроқ ўрганишимиз керак.
Ҳам иқтисодий ва ҳам сиёсий диверсификация – бу Ўзбекистоннинг йўлидир. Оғиш бу бизнинг йўл эмас.
Ўзбекистон раҳбарияти ва сиёсий қарорларни қабул қиладиган доиралар бу борада мамлакатнинг миллий манфаатларини чуқур ўрганган ва шунга таянган ҳолда қарорлар қилиши керак.
Аминман, маълум муддат ичида Александр Лукашенконинг гапларига жавоб қайтарилади. Қолаверса, балки Лукашенкодек ўз сиёсий обрўйини тўкаверадиган масхарабозларга ҳадеб жавоб беравериш ўзини ҳурмат қилган давлат раҳбарига ҳам тўғри келмас.
Ҳаммасига кўз юмиб, унга жавоб бермаслик, писанд қилмасликнинг ўзи ҳам жавоб бўлар унга, балки.
Масхарабозга жавоб бериш бизга тўғри келмас. Ўзбекистон унга бир марта жавоб берди, биз шу позициядамиз ва буни ҳамма билади.
Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
20:49 / 11.11.2024
Беларус расман БРИКС бўйича шерик давлат мақомини олди
22:17 / 07.11.2024
Лукашенко яна 31 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
14:30 / 05.11.2024
Лукашенко: РФ Беларус орқали Полша, Литва, Латвия ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмас
13:10 / 24.10.2024