Самарқанддаги йиғилишда 10 нафар раҳбар ишдан олинди
Президент Самарқанддаги икки туман ҳокими, бир туман прокурори, икки туман бош солиқчилари, учта туман ИИБ бошлиқлари ва яна икки амалдорни ишдан олди.
Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминалида президент Шавкат Мирзиёев иштирокида вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Президент матбуот котибининг хабар қилишича, ўта танқидий руҳда ўтаётган йиғилишда давлат раҳбари вилоятдаги секторлар ва тегишли мутасаддилар жуда суст ишлаётганини кўрсатиб ўтди.
Фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов ва Нуробод тумани ҳокими Фахриддин Заиров ишдан олинган.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган Носир Мавлонов 2019 йил ёзида Самарқанд тумани ҳокимлигига тайинланганди.
Муқаддам олий таълим вазирлигида ишлаган Фахриддин Зоиров эса 2017 йил ёзидан буён Нуробод туманига раҳбарлик қилиб келган.
Оқдарё тумани прокурори Д.Кубаев, Самарқанд шаҳри ИИБ бошлиғи Жамшид Қодиров (2019 йил январ), Самарқанд тумани ИИБ бошлиғи Фаррух Гафаров (2021 йил август) ва Оқдарё тумани ИИБ бошлиғи Баҳодир Ибрагимов (2019 йил март) ҳам ишдан олинган.
Шунингдек, Ургут ва Пайариқ туманлари давлат солиқ инспекциялари бошлиқлари А.Алмазов ва М.Эргашев ҳамда вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари Ғ.Маматқулов ҳам лавозимларини тарк этган.
Қайд этилишича, уларнинг баъзиларига нисбатан тўпланган, шу жумладан коррупция ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида жиноий иш очиш масаласи ўрганиб чиқилади.
Бундан олдинроқ мазкур йиғилишда Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи Отабек Тўхтаев ишдан олингани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024