16:51 / 16.02.2022
68204

Кремль Байденнинг россияликларга мурожаатига жавоб қайтарди

Аввалроқ Байден россияликларга мурожаат билан чиқиб, АҚШ, НАТО ёки Украинадан қўрқиши керак эмаслигини айтган, Россия ва Украина халқлари умумий тарихга эгалиги ва ўзаро «қонли» урушга киришмаслиги кераклигини қайд этганди.

Фото: Alex Wong / Getty Images

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ президенти Жо Байден россияликларга эмас, украиналикларга мурожаат қилиб, уларни тинчликка чақириши тўғрироқ бўлишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Байденнинг мурожаатида танқид қилгулик жиҳат йўқ ва АҚШ президенти Россия халқи ҳақидаги фикрлари, «балки, <...>  катта таассурот қолдириши керак».

«Агар биз таҳдидларсиз мурожаатни эшитганимизда, унинг чиқиши рус халқига, эҳтимол, янада кўпроқ манзур бўларди. Агар АҚШ президенти россияликларга эмас, украиналикларга мурожаат қилиб, уларни ҳеч қачон бир-бирига ўт очмасликка чақирганида бундан ҳам яхшироқ бўларди», дея Песковнинг сўзларини келтиради РБК мухбири.

15 февраль куни кечқурун (Тошкент вақти билан 16 февралга ўтар кечаси соат 00:30) Байден россияликларга мурожаат қилди. Бу Украина шарқида давом этаётган эскалация фонида бўлди: сўнгги ҳафталарда Ғарбдаги кўплаб нашрлар ва сиёсатчилар Россиянинг Украинага ҳужуми яқинлашиб келаётгани ҳақида бонг уришди.

Байден ўз мурожаатида АҚШ, НАТО ва Украина Россияга таҳдид солмаслиги ва мамлакатда беқарорлик келтириб чиқармоқчи эмаслигини айтганди. «Россия фуқароларига мурожаат қилмоқчиман: сиз бизга душман эмассиз. Ва мен сизлардан кимдир Украинага қарши қонли ва вайронкор урушни исташига ишонмайман», — деганди президент.

Шу билан бирга у Россия қўшни давлатларни тарихий ришталар боғлаб турса-да, Украина чегарасига 150 мингдан ортиқ қўшин олиб келгани, босқин хавфи йўқолмаганини қайд этган. У шунингдек АҚШ Украинага ракеталар жойлаштирмагани ва россиялик ҳарбийлар чегарадан олиб кетилаётгани факт эмаслиги ва бу хабарлар текширилиши кераклигини қўшимча қилган.

Аввалроқ ОАВда АҚШ президенти Европадаги ҳамкорларини Россиянинг Украинага босқини 16 февраль куни бошланиши мумкинлигидан огоҳлантиргани ёзилганди.

Украина президенти Владимир Зеленский эса ОАВ вакилларидан минтақадаги вазиятни ёритишда эҳтиёткорлик билан ёндашишга ва «эртагаёқ уруш бўлиши» ҳақида бонг урмасликка чақирганди. Январь ойи охирида CNN Украина ва АҚШ президентлари Россиянинг Украинага эҳтимолий ҳужуми масаласида зиддиятга боргани ҳақида хабар тарқатган. Телеканал манбалари маълумотига кўра, Зеленский Вашингтоннинг бу вазиятга ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратишидан безор бўлган - чунки бу хабарлар мамлакат ичида ваҳима уйғотган.

Россиядагилар босқинга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги хабарларни бир неча бор рад этишган. Песков сўнгги хабарларни «кескинликни кучайтиришга қаратилган бемисл кампания» деб атади ва Владимир Путин ҳатто бу борада ҳазил қилганини айтди: «Соатигача аниқ эълон қилишмадими деб сўради».

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top