Ўзбекистон | 20:59 / 03.03.2022
5890
2 дақиқада ўқилади

Молдовага ўтган ўзбекистонликлар кейинроқ қайтарилади — ТИВ

ТИВ расмий вакили Украинадан Молдовага ўтган 200га яқин ўзбекистонликларни ватанга қайтариш масаласи кейинроқ ишлаб чиқилишини маълум қилди.

Zuzana Gogova / Getty Images

Украинадан Молдовага ўтган ўзбекистонликлар ватанга қайтарилиши ҳозирча режалаштирилмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ расмийси Юсуф Қобулжонов Украинадаги вазият бўйича ОАВнинг саволларига берган жавобида маълум қилди.

Қайд этилишича, Украинанинг Молдова билан чегарадош жойларида яшовчи 200 га яқин ўзбекистонлик бошпана излаб, Молдова ҳудудига ўтган. Мамлакат инсонпарварлик нуқтаи назаридан, фуқаролигидан қатъи назар, ўз ҳудудига кираётган барча шахсларни ташиш, жойлаштириш, овқатлантириш ва бошқа зарур масалаларда кўмак бермоқда.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси томонидан Молдовада бўлиб турган ватандошлар масалаларини мувофиқлаштириш ва ҳал қилиш мақсадида кўнгиллилар гуруҳи шакллантирилган. Молдовада бўлиб турган ўзбекистонликларнинг кейинчалик ватанига эвакуация қилинишини ташкил этиш учун уларнинг рўйхати ва маълумотлар базаси шакллантирилмоқда.

«Ҳозирги пайтда Польша орқали эвакуация қилишнинг асосий устувор эканини инобатга олган ҳолда, фуқароларимизни Молдовадан қайтариш масаласи кейинроқ ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, мазкур мамлакат ҳаво ҳудуди авиақатновлар учун ёпиқлигича қолмоқда», дейилади хабарда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид