Иқтисодиёт | 19:40 / 07.03.2022
25785
2 дақиқада ўқилади

2022 йилда Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 21 фоизга қисқариши мумкин – Жаҳон банки

Россиядаги оғир иқтисодий вазият сабаб Марказий Осиё минтақасига хориждан пул ўтказмалари ҳажми 25 фоизга қисқариши кутилмоқда.

Фото: Morteza Nikoubazl / Zuma / TASS

Жаҳон банки экспертларининг таҳлилларига кўра, Марказий Осиёдаги кўплаб давлатлар иқтисодиёти Россиядан пул ўтказмаларига боғлиқ. Хусусан, 2021 йилнинг дастлабки 9 ойи давомида Россиядан пул ўтказмаларининг улуши Қирғизистонга жами пул ўтказмаларининг 83 фоизини ташкил этган.

Дастлабки прогнозларга кўра, Россияда иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва рублнинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши ҳисобига Марказий Осиё минтақасига хориждан пул ўтказмалари ҳажми 25 фоизга қисқариши кутилмоқда.

Халқаро пул ўтказмалари қисқаришининг энг юқори суръати Қирғизистон(33 фоиз), Озарбойжон(23 фоиз), Тожикистон(22 фоиз) ва Ўзбекистонда(21 фоиз) кузатилиши мумкин.

Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, Марказий Осиёга пул ўтказмалари пасайишига иккита омил жиддий таъсир кўрсатади. Биринчи омил, Россияда иқтисодий фаолликнинг пасайиши натижасида иш ўринлари қисқариб кетиши ҳисобланиб, бу мигрантларнинг умумий даромад даражасига сезиларли таъсир кўрсатади ва пул жўнатиш имкониятларини чеклаши мумкин. Иккинчи омил, рублнинг кескин қадрсизланиши мигрантлар иш ҳақларининг доллар эквивалентдаги қиймати пасайишига олиб келади.

Жаҳон банки маълумотларида келтирилишича, 2020 йилда Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 6,98 млрд долларни ташкил этган. Бу мамлакат Ялпи ички маҳсулотининг 11,6 фоизига тенг бўлган.

2021 йилнинг дастлабки 9 ойи давомида эса Ўзбекистонга хориждан амалга оширилган пул ўтказмаларининг 55 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган. 

Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 8,1 миллиард долларни ташкил этган. Бу рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Мавзуга оид