Сенат “снос” муаммоларини ҳал этиши мумкин бўлган қонунни рад этиш арафасида
Бир неча йилдан бери оғриқли муаммога айланиб қолган “снос”ларга ҳуқуқий ечим бўлиши кутилаётган қонун Сенатда рад этилиши кутилмоқда.
Кеча, 14 март куни бўлиб ўтган Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси кенгайтирилган мажлисида “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Сенат матбуот хизматига кўра, қўмита аъзолари “аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлаш нуқтайи назаридан мазкур қонунда концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган айрим масалалар” борлигини билдирган.
“Қонунда ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга асос бўладиган ҳолатлар аниқ кўрсатилган. Бироқ қонунда ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш масаласи, жумладан талаб этиладиган харажатлар миқдори (компенсация) дастлаб мулкдор билан эмас, балки жойлардаги вакиллик ҳокимияти органларида, яъни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида муҳокама қилиниши белгиланган.
Қўмита аъзолари масала, аввало, мулкдор билан муҳокама қилиниши, барча ҳисоб-китоблар ўзаро келишилиши ва шундан кейингина Жўқорғи Кенгес ёки маҳаллий Кенгашга киритиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратишди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, мажлисда ҳудудларда ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлардан мисоллар келтирилиб, мулкдор билан компенсация масаласини узил-кесил келишмасдан туриб, масалани маҳаллий Кенгаш муҳокамасига киритиш харажатлар миқдори олдиндан чегараланиб қолишига олиб келиши мумкинлиги таъкидланган.
“Ана шу жиҳатларни эътиборга олиб, Қўмитанинг ушбу қонунни қайта кўриб чиқилиши юзасидан тегишли қарори қабул қилинди”, – дейилади Сенат ахборотида.
Ҳуқуқшунос-блогер эътирозлари
Telegram'да “YURISTKADR” блоги юритувчиси ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев ҳам “снос”ларга доир қонунга эътирозларини билдирган. Мажлисда қатнашган Kun.uz манбаларининг хабар беришича, ушбу постда келтирилган эътирозлар қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида сенаторлар билдирган, лекин ОАВда эълон қилинмаган эътирозлар билан деярли бир хил.
Ҳуқуқшунос, қонунда мулк эгалари ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига рози бўлмаса, бундай ҳолларда нима бўлиши аниқ кўрсатилмаганини, бундай мавҳумликлар “снос”ларга ишқибоз амалдорларга қўл келиб қолиши мумкинлигини айтган. Шунингдек, у жамоат эҳтиёжи ҳисобланган ҳар бир ҳолатни аниқлаш тартиби йўқлигини маълум қилган.
“Қонуннинг 4-моддасида санаб ўтилган жамоат эҳтиёжи ҳисобланган ҳар бир ҳолатни аниқлаш тартиб-таомиллари ва механизмлари аниқ баён этилмаган. Хусусан, қонуннинг 4-моддасида келтирилган ҳолат қайси асосларга кўра жамоатчилик эҳтиёжи деб топилади? Бу борада ўша ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли билан жамоатчилик муҳокамалари ўтказиладими?” – дейди ҳуқуқшунос.
Бундан ташқари, Саидали Мухторалиев мисол тариқасида ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун мудофаа ва хавфсизлик мақсадларида ҳарбий хизматчилар учун турар жойлар барпо этиш учун олиб қўйилиши адолатдан бўлмаслигини маълум қилган.
Қонунчилик палатасида ҳам, Сенат томонидан ҳам тўлиқ матни эълон қилинмаган қонун Саидали Мухторалиевнинг қўлига қандай тушиб қолгани маълум эмас. Таъкидлаш лозим, у ва сенаторлар айтаётган ҳарбий хизматчиларга қуриб бериладиган уйлар масаласи амалиётда муаммо келтириб чиқармаган.
“Ҳозирча асосли эътироз кўрмадик”
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам таркибида кўплаб ҳокимлар бўлган Сенат ҳокимларнинг ўзбошимчалигига чек қўядиган мазкур қонунни қайтармоқчилигидан хавотирлангани ҳақида ёзган.
“Агар бу қонун кучга кирса, ҳокимлар “снос” баҳонасида бизнес субъектларига ерларни бера олмай қолишади. Тўғри, қонунда баъзи камчиликлар бўлиши мумкин, бироқ бу билан бутун бошли қонунни қайтариш нотўғри, деб ўйлаймиз. Ҳозирча асосли эътироз ҳам кўрмадик.
Биз бу қонунни қанча тез қабул қилсак, антиконституцион ва давлатчилик ҳурматига путур етказаётган бир қатор лоббистик қарорлар, шу жумладан айрим ҳокимлар амал ҳам қилмайдиган ҳукуматнинг 911-сонли қарори бекор қилинишига эришамиз. Фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлаётган ушбу адолатсиз қарордан тезроқ қутулишимиз керак”, – дейди у.
Шунингдек, Кушербаев Сенат аъзоси бўлган кўпгина ҳокимларнинг ўзбошимчалиги сабаб Ўзбекистон “Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслик” рейтингида 139 та давлат ичида 138 ўринда турганини эслатган.
Рад қилинса нима бўлади?
Жорий йил 17-18 март кунлари бўлиб ўтадиган Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Сенат регламентига доир қонунда “қонун Сенат томонидан сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан маъқулланиши” белгиланган. Агар сенаторлар тегишли қўмита аъзолари каби қонунни рад қилса, яна узундан узун бюрократик жараёнлар бошланади.
Хусусан, Ўзбекистон Конституциясининг 84-моддасига кўра, Сенат томонидан рад этилган қонун Қонунчилик палатасига қайтарилади.
Агар рад этилган қонун қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, у Олий Мажлис томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Президентга Қонунчилик палатаси томонидан юборилади.
Шунингдек, Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун депутатлар ва сенаторлар орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин. Палаталар келишув комиссияси таклифларини қабул қилганда қонун одатдаги тартибда кўриб чиқилади.
Cенат томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқиш ва парламент палаталари ўртасидаги келишув комиссияси фаолияти “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида”ги қонуннинг 15-1 ҳамда 16 моддалари билан тартибга солинади.
Кўриб турганингиздек, сенаторлар қонун қабул қилиш ўрнига рад қилса ёки келишув комиссия тузайлик дейилса, эълон қилинганига деярли бир йил бўлган лойиҳанинг қабул қилиниши ва кучга кириши бир неча ойларга чўзилиб кетади. Бу эса пули тўланмасдан “снос” қилинаётган кўплаб тадбиркорларнинг муаммоси ҳам чўзилиб юришига, мулк ҳуқуқига доир рейтинглардан Ўзбекистоннинг янада қулашига сабаб бўлиши мумкин.
Қонун ўзи нима ҳақида?
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси 2021 йил апрел ойида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган эди. Қонун лойиҳасида жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин бўлган аниқ ҳолатларнинг тугал рўйхати келтирилиб, “бошқа ҳолатлар” каби мужмал қоидалардан буткул воз кечилганини маълум қилган эди.
Шунингдек, лойиҳада инвесторлар ер участкасини олиб қўйиш ташаббуси билан чиқа олмаслиги, ер участкаларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилингунгача ташаббускор камида 6та босқичдаги жараёнлардан ўтиши, мулкдорлар билан ОАВлар иштирокида очиқ муҳокама ўтказилиши, компенсациядан сўнг кўчмас мулк объектини олти ой мобайнида бўшатиб қўйишга имконият берилиши каби мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи кўплаб бандлар мавжуд.
“Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчиликка эълон қилинганидан 9 ой ўтгач 2022 йил 1 февраль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида 3-ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилган эди.
Қонун ташаббускори бўлган Адлия вазирлиги вакиллари ҳам, депутатлар ҳам қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини компенсация эвазига олиб қўйиш масалаларини бевосита яхлит қонун билан тартибга солишга, низоли вазиятларнинг олдини олиш ва соҳадаги низоларни самарали ҳал этишга хизмат қилишини, унинг тезроқ кучга кириши халқ манфаати учун хизмат қилишини таъкидлаган эди.
Шу вақтга қадар “снос”лар Ўзбекистонда мулк ҳуқуқи бузилишларининг рамзига айланиб кетган, низоли ҳолатлар фақатгина ҳукумат қарорлари даражасида тартибга солиб келинган.