Ўзбекистон | 19:11 / 17.03.2022
6360
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда Камазга урилган Isuzu юк машинаси ағдарилиб кетди

Унинг ҳайдовчиси ФВБ ходимлари томонидан қутқарилган

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, бугун, 2022 йил 17 март эрталаб Ғузор-Самарқанд А-378 автомобил йўлининг Ғузор тумани ҳудудидан ўтган 139-километрида иккита юк машинаси иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Isuzu юк машинаси ўз йўлида ҳаракатланиб келаётган Камаз юк машинаси орқа қисмидан урган ва йўл четига ағдарилган. Оқибатда Isuzu ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, машина кабинасида қолиб кетган.

Шундан сўнг, соат тахминан 7:53 ларда бу ҳақда Ғузор туман ФВБга хабар берилган. Хабарга кўра, қутқарув хизматидан 1 та бўлинма воқеа жойига етиб борган. Қутқарувчилар Isuzu ичида қолиб кетган ҳайдовчини махсус техник жиҳозлар ёрдамида олиб чиқишган ва шифохонага жўнатишган.

Қайд этилишича, ўз вақтида кўрсатилган амалий ва биринчи тиббий ёрдам туфайли ҳайдовчининг оғир тан жароҳати олишдан сақлаб қолишган.

Аввалроқ, Самарқандда юк машинаси ағдарилиб кетган, Сирдарёда эса йўловчи автобуси бошқарувни йўқотиб, йўлни ажратиб турувчи металл тўсиқ устига чиқиб кетганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид