Иқтисодиёт | 22:49 / 23.03.2022
24086
3 дақиқада ўқилади

Азиз Воитов: “Тадбиркорларга янги коридорлар қидириш, валюта кредитларини енгиллаштириш бўйича чоралар кўрилмоқда”

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича Штаб ўз ишини бошлади. Унда турли соҳаларда, жумладан, инвестицияларни жалб қилиш ва янги ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш, ташқи савдо, транспорт ва транзит салоҳиятини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни тарғиб қилиш, импортни оптималлаштириш ва бошқа муҳим йўналишларда ихтисослашган кичик гуруҳларга тақсимланган мамлакат вазирликлари ва идоралар ходимлари фаолият кўрсатмоқда.

Инвестиция ва ташқи савдо вазири биринчи ўринбосари Азиз Воитовнинг таъкидлашича, штабда 46 та вазирлик ва идоралар ходимлари фаолият юритишяпти.

“Штаб 24 соат, туну-кун иш олиб боради. Тадбиркор ва экспортчилар ўз муаммолари билан, шунингдек ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича маслаҳат олиш учун исталган вақтда ходимлар билан боғланишлари мумкин. Барча масалалар қисқа муддатда ўрганилади ва ҳал қилинади. Шу пайтгача 1150 та мурожаатлар қабул қилинган ва уларнинг 305 таси ижобий ҳал қилинган.

Асосан импорт муаммолари, экспорт бозорларини топиш, кредит муддатларини узайтириш ва инфратузилма бўйича мурожаатлар бўляпти.

Айни пайтда экспортга чиқувчи тадбиркорларимизнинг транспорт харажатлари ошяпти. Чунки улар янги коридорлар қидиришмоқда. Давлатимиз раҳбари экспортёрларнинг транспорт харажатларини 70 фоизгача қоплаб бериш бўйича кўрсатма бердилар, ҳозир қарор лойиҳаси устида ишлаяпмиз.

Турли давлатлар билан юк ташиш харажатларини 50 фоизгача қисқартириш бўйича ишлар олиб бориляпти. Янги коридорларга бир мисол – 16 март куни Ҳиндистоннинг Мумбай портида Ҳиндистон-Покистон-Афғонистон-Ўзбекистон транспорт коридори орқали шакар маҳсулоти карвони йўлга чиқди.

Шу билан бирга Қозоғистондан кириб келадиган шакар, буғдой маҳсулотлари транспорт харажатларини 30 фоизгача камайтириш келишилган, энди ички транспорт харажатларини ҳам қисқартириш бўйича ҳам кўрсатма берилди.

Президентимиз тадбиркорларнинг хорижий валютадаги кредитларининг фоиз юкини оширмаслик ва имтиёзли кредитлаш бўйича топшириқ бердилар. Экспортёр корхоналаримизга қўшимча айланма маблағлар билан таъминлаш бўйича чора тадбирлар белгилаб олинди”, – деди А. Воитов.

Мурожаатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг колл-маркази томонидан кейинчалик Штабга тезкор равишда юбориш учун қабул қилинади.

Call-марказлар рақамлари: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги: + 998 71 238 52 52

Савдо-саноат палатаси: 1094

Аброр Зоҳидов
Муаллиф Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид