Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқалар нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан Азиз Воитов ва бошқаларга (жами 62 киши) оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаган ҳамда ҳукм эълон қилинди.
Суд ҳукмига кўра, Азиз Воитов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Етказилган моддий зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганлиги сабабли унга нисбатан 3 йил муддатга бошқарув тизими, раҳбарлик ва мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган тарзда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида жарима ва ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган. Шу боис, суднинг ҳукми билан жиноят бўйича етказилган зарар суд жараёни давомида тўлиқ қоплангани сабабли Азиз Воитовга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. Депозит ҳисоб рақамига тўланган пуллар эса давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директори лавозимида ишлаган Хайрулло Каримовга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Қолган 60 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда тегишли жазолар, хусусан, 9 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 51 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинган.















