Жаҳон | 14:31 / 24.03.2022
13993
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған маъмурияти С-400 мажмуаларини Украинага бериш тўғрисидаги таклифни амалга ошмайдиган ғоя деб атади

Аввалроқ Пентагон АҚШ Туркия билан Анқара Россиядан сотиб олинган ҳаво ҳужумидан мудофаа қилувчи С-400 мажмуаларини Украинага бериши бўйича музокара ўтказаётгани хабар қилинганди.

Фото: AP

Туркия Россиядан сотиб олган С-400 зенит-ракета мажмуаларини Украинага бериши амалга ошмайдиган ғоя. Бу ҳақда Туркия президенти маъмуриятининг жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Фахритдин Олтун маълум қилди.

"Бу асло амалга ошмайдиган ғоя", - деди у.

Олтуннинг сўзларига кўра, "Ғарб Туркияга F-35 қирувчи самолётлари ва Patriot зенит-ракета мажмуаларини ҳеч қандай шартларсиз етказиб бериши лозим".

"Айрим иттифоқчилар Туркия-Россия муносабатларида кескинлик пайдо бўлган вақтда республикадан Patriot зенит-ракета мажмуаларини олиб чиқиб кетгани ҳали ҳам Туркиянинг ёдида", - дея қўшимча қилди Олтун.

Аввалроқ Пентагон АҚШ Туркия билан Анқара Россиядан сотиб олинган ҳаво ҳужумидан мудофаа қилувчи С-400 мажмуаларини Украинага бериши бўйича музокара ўтказаётганини тасдиқлаганди.

Пентагон вакилининг сўзларига кўра, Анқарага Туркиядан Америка санкциялари ечилиши ҳамда F-35 қирувчи самолётларни ишлаб чиқариш дастурига қайтиши эвазига С-400дан воз кечиб, уларни Украинага жўнатиш таклиф этилган.

Туркия 2017 йилда Россиядан 2,5 миллиард доллар эвазига C-400 тизимларини сотиб олишини эълон қилган, биринчи партия орадан икки йил ўтиб етказиб берилганди.

НАТО давлатининг бундай қарори АҚШ томонидан кескин танқидга учраганди — Анқарага қарши санкциялар жорий этилган, шунингдек, Вашингтон Туркияни F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқариш дастуридан чиқариб юборганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид