Абрамовичда заҳарланиш аломатлари кузатилгани айтилди: бу суиқасдми ёки огоҳлантириш?
The Wall Street Journal россиялик миллиардер Роман Абрамовичда 3 март куни Киевда Украина томони билан музокараларда иштирок этгач, заҳарланиш аломатлари кузатилгани ҳақида ёзди. Нашрга кўра, бундай аломатлар Украина делегацияси вакилларида ҳам кузатилган. Бу ҳолат яхшигина шов-шувларга сабаб бўлди.
The Wall Street Journal суриштирувидан кўп ўтмай Bellingcat ҳам шундай маълумот тарқатди. Reuters АҚШ разведкасига таяниб бу суиқасд бўлмаганини ёзди.
WSJ мухбирлари Ярослав Трофимов ва Макс Колчестер Украинадаги учрашувлардан кейин Абрамович ва Украина делегациясининг икки вакилида кўз қизариши, доимий ва оғриқли кўз ёш ажралиши, юз ва қўл терисининг пўсти ажралиши ҳолатлари кузатилгани ҳақида маълумотга эга бўлишган. Хабарда ёзилишича, украиналик музокарачилардан депутат Рустем Умеровда (Википедияга кўра, Самарқандда туғилган қримтатар миллатига мансуб сиёсатчи) ҳам юқоридаги аломатлар кузатилган. Кейинчалик унинг ҳолати яхшиланган.
BBC билан суҳбатда бўлган Абрамовичнинг яқинларидан бири миллиардер Киевдаги тинчлик бўйича музокаралар вақтида заҳарланиш аломатларини ҳис қилганини тасдиқлади. Кейинчалик Абрамовичнинг вакили ҳам унда юқоридаги аломатлар сезилганини айтди.
WSJ'нинг ёзишича, Абрамович уруш бошлангандан буён Киевга ва Лвовга борган, ҳатто Зеленский билан шахсан учрашган. Абрамовични заҳарланиш аломатлари аниқланганидан 10 кун ўтиб Тель-Авив аэропортида учратишган. Нашр манбаси миллиардернинг заҳарланиши ортида Москвадаги музокаралар самарали якунланишини истамаётган қандайдир кучлар тургани ҳақида айтган.
Симптомлар ва версиялар
BBC билан суҳбатда бўлган Абрамовичнинг яқини яна бир қанча тафсилотлар ҳақида гапирганки, улар ҳақида юқоридаги журналистлик суриштирувларда айтилмаган. Суҳбатдошга кўра, Абрамовичда юқорида айтилган аломатлар Киевга боришидан икки ҳафта аввал кузатилган.
Ўшандан кейин Абрамович Рустем Умеров билан Польша орқали Истанбулга боришган. «Уйғонгач, улар ўзини ёмон ҳис қилган, қаттиқ бош оғриғи кузатилиб, кўриш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлган», деган Абрамовичнинг яқини. Унинг айтишича, миллиардер бир муддат кўриш қобилиятини йўқотган, терисида пўст ажралиши кузатилган. Умеровда эса бунчалик жиддий аломатлар бўлмаган. Уларнинг иккисига ҳам маҳаллий шифокорлар ёрдам кўрсатган.
Бир неча кундан кейин Абрамовичда аломатлар ўтиб кетган. Шундан кейин у яна Киевга борган. Тахминлардан бири сифатида заҳарли модда ҳавога пуркалган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
«Шунчаки огоҳлантириш»
Германиялик криминалистлар Абрамович ва украиналик музокарачиларни текширганда, уларнинг танасидан ҳеч қандай заҳар топилмаган. Инсонни фалаж қилувчи кимёвий қуроллар танада маълум муддат бўлгач, кейин чиқиб кетиши маълум.
«Бу суиқасд эмас, шунчаки огоҳлантириш бўлган», дейди Bellingcat журналисти Христо Грозев. Bellingcat суриштирувида ёзилишича, заҳарли модда миқдори инсонни ўлдириш учун етарли бўлмаган ва буни қўрқитиш деб қабул қилиш мумкин.
«Кимёвий қурол бўйича мутахассис ва врачнинг фикрича, аломатлардан келиб чиққан ҳолда порфирин, органофосфат ёки бошқа бирор бициклик модда ишлатилганини тахмин қилиш мумкин. Бу борада якуний хулосага келиш эса имконсиз, чунки ўша вақтда жабрланганлардан тезда намуна олиб, керакли лаборатория шароитида ўрганишнинг имкони бўлмаган», дейилади Bellingcat суриштирувида.
Икки йил аввал россиялик сиёсатчи Алексей Навальний ҳам органофосфат қаторига кирувчи оғу билан заҳарланганди. Бу ҳақда Германияда ўтказилган клиник текширувлар хулосасида айтилган. Навальний 2020 йил август ойида Томскдан Москвага қайтаётганда самолётда ўзини ёмон ҳис қилган ва учоқ Омск аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширган. Касалхонада Навальний заҳарлангани маълум бўлганди. Россия ҳукумати эса Навальний мамлакат ҳудудида заҳарланганини ҳам тан олмайди.
Разведка: бу заҳарланиш эмас
Reuters ахборот агентлиги АҚШ разведкаси маълумотларига асосланиб ёзишича, Абрамовичда юз берган ҳолат заҳарланиш аломати эмас, бу атроф-муҳит билан боғлиқ муаммо. АҚШ расмий вакиллари ҳам Абрамович ва украиналик музокарачиларда кузатилган қусиш ҳолати экологик муаммо билан боғлиқлигини айтган.
Абрамович ва санкциялар
Россия Украинага бостириб киргач, Ғарб Кремль билан, хусусан, Путин билан яқин муносабатда бўлган деб ҳисоблайдиган одамларга қарши санкциялар қўллай бошлади. Абрамович ҳам санкциялардан қуруқ қолмади. Оқибатда ўзига тегишли бўлган «Челси» клубини сотувга қўйишга мажбур бўлди. Кўп ўтмай, Абрамовичнинг транспорт воситалари – яхталари, самолётлари ҳам санкцияларга учрай бошлади. Аммо Абрамович Киев ва Москва ўртасидаги музокараларда воситачи бўлиши ҳақида хабарлар пайдо бўлиши фонида унинг транспорт воситаларини назорат қилувчи бизнес ҳамкори Евгений Швидлерга қарши жорий қилинган транспорт санкциялари бекор қилинди.
Олдинроқ Украина президенти Владимир Зеленский америкалик ҳамкасби Жо Байден билан суҳбатда Абрамовичга қарши санкция қўлламай туришни, у музокараларда ёрдам бериши мумкинлигини айтгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Абрамовичнинг музокараларда иштирок этаётгани узоқ вақт фақат миш-миш кўринишида тарқалди. Аммо 29 март куни Истанбулда ўтган Украина – Россия музокараларининг навбатдаги раундида Абрамович ҳам кўриниш берди. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков миллиардер музокараларда Кремлнинг розилиги билан иштирок этаётганини маълум қилди.
Маълумот учун, Украина президенти Владимир Зеленский ҳам, россиялик миллиардер Роман Абрамович ҳам яҳудий миллатига мансуб. Абрамович «Челси» клубининг сотилишидан тушган фойдани Украинадаги урушдан жабрланганлар учун ишлатилишини маълум қилганди.
Мавзуга оид
12:05 / 21.12.2023
Европа суди Абрамовичнинг ЕИ санкциялари бўйича даъвосини рад этди
08:21 / 08.12.2023
Литва Абрамовичнинг фарзандларига фуқаролик берилгани ҳолатини текширмоқда
20:36 / 04.07.2023
Буюк Британия «Челси»ни сотишдан тушган пулни фақат Украинада сарфлашга рухсат берди
10:04 / 03.04.2023