Ўзбекистон | 20:06 / 31.03.2022
10826
4 дақиқада ўқилади

Сунъий қимматлашган шакар биржада икки ҳафта ичида 25 фоизга арзонлашди — вазирлик

Кўрилган чоралар натижасида 30 март кунги биржа савдоларида шакар нархи 17 мартга нисбатан 25 фоизга пасайди, дея маълум қилди Иқтисодиёт вазирлиги. Таъкидланишича, маҳаллий ишлаб чиқариш қувватлари ички талабни тўлиқ қондира олади. 2021 йилда республика эҳтиёжини 110 фоизга қоплаш даражасидаги шакар ва шакар хомашёси импорт қилинган.

Фото: Fotolia

Россия ҳукумати томонидан шакар экспорти учун жорий қилинган чекловлар ва чакана савдо тармоғида кутилаётган узилишлар фонида Ўзбекистон ички бозорида ҳам шакар маҳсулотига сунъий талаб босими ошган. Натижада 15-17 март кунлари ўтказилган биржа савдоларида маҳсулот нархининг вақтинчалик қимматлашиши кузатилган. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

“Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ички бозорда шакарга бўлган йиллик эҳтиёж ўртача 600 минг тоннани ташкил этиб, республикада йиллик умумий ишлаб чиқариш қуввати 750 минг тоннага тенг бўлган шакар ишлаб чиқарувчи “Хоразм шакар” МЧЖ (360 минг тонна) ва “Ангрен шакар” МЧЖ (390 минг тонна) корхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Маҳаллий корхоналарнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари ички истеъмол бозорини шакар маҳсулоти билан тўлиқ ва кафолатли таъминлаш имконини беради.

Шунингдек, нарх ошиши шароитида шакар нархи барқарорлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан биржа савдоларига қўйиладиган кунлик шакар ҳажмини жорий йил март ойи бошидаги 1 440 тоннадан 2 200 тонна ёки 50 фоизгача ошириш бўйича келишиб олинди.

Бундан ташқари, биржа савдоларидаги спекулятив ҳолатларнинг олдини олиш бўйича аниқ чоралар белгиланди. Хусусан, шакар маҳсулоти бўйича савдоларни бир савдо сессиясида ташкил этиш ҳамда ютиб олинган тикет бўйича битимларнинг кейинчалик бекор қилиниши олдини олиш мақсадида аванс тўловлари миқдори амалдаги 2 фоиздан 10 фоизгача оширилди.

Бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилиш мумкин бўлган миқдор 20 тонна этиб белгиланди (олдин 40 тонна бўлган).

Натижада 30 март куни ўтказилган биржа савдоларида шакар нархи жорий йил 17 мартга нисбатан 25 фоизга пасайди”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Қайд этилишича, 2021 йилда республикага аҳоли ва ишлаб чиқарувчилар эҳтиёжини 110 фоиз даражасида қоплаш имконини берадиган (96 фоиздан ортиқ қисми Бразилиядан, 1 фоизи Россиядан) шакар ва шакар хомашёси импорт қилинган.

Шунингдек, жорий йил бошидан бугунги кунга қадар амалга оширилган шакар маҳсулотлари импорти ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоизга юқори.

“Маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан халқаро хорижий трейдерлар билан имзоланган шартномаларга асосан, 2022 йил якунига қадар шакар хомашёсини етказиб бериш кўзда тутилган бўлиб, бу жараён суғурталанган.

Ташқи бозорлардаги ўзгарувчан вазиятни инобатга олган ҳолда шакар хомашёсини узлуксиз етказиб беришнинг бир нечта йўналишлари ишлаб чиқилган ва синовдан ўтган”, дея маълум қилди Иқтисодиёт вазирлиги.

Шакар нархи мавзусига бугун, 31 март куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев ҳам эътибор қаратди.

“Айрим ҳудудларда шакар нархи асоссиз ошган. Айниқса Жиззах, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида мавжуд захиралар ўз вақтида тарқатилмагани сабабли, шакар нархи кескин ошган. Савол туғилади.

Ушбу ҳудудларнинг ҳокимлари ва прокурорлари қаёққа қараган?” деди у.

Президент топшириғига биноан, уч кун муддатда шакар, ун, ёғ, гўшт, чой, болалар овқатлари, сут маҳсулотлари каби озиқ-овқат маҳсулотлари импортига акциз солиғи ва божхона божларини қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат ва хомашёнинг биржа савдоларига тўлиқ қўйилиши устидан кунлик назорат ўрнатиш, сунъий равишда нарх ошишининг олдини олиш бўйича тезкор чораларни кўриб боришни ҳам буюрди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид