Ўзбекистон | 19:05 / 30.04.2022
15052
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги 3 миллион ўқувчида малакали устоздан дарс олиш имкони йўқлиги айтилди

Ўзбекистон мактабларида фаолият юритаётган 504 минг нафар ўқитувчидан 56 фоизининг салоҳияти талаб даражасида эмас, дея маълум қилди халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов. 3-4 йил ичида мактаблардаги барча ўқитувчилар янги методика асосида қайта тайёрлашдан ўтказилади. “Энди ўқитувчилардан доимий ўз устларида ишлаш, билим ва малакаларини ошириш талаб этилади”, деди вазир.

Б.Саидов Андижоннинг Балиқчи туманида. 29 апрел / Фото: ХТВ матбуот хизмати

Ўзбекистон халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Telegram'даги каналида малакали ўқитувчилар етишмовчилиги муаммоси ҳақида ёзди.

“Мактабда таълим сифати энг аввало шу мактабда ишлаётган ўқитувчилар сифати ва савиясига боғлиқ. Зеро, таълим сифати – ўқитувчи сифатидан юқори бўла олмайди.

Бугунги кунда республика мактабларида 504 минг нафар ўқитувчиларимиз фаолият юритади Уларнинг 280 минг нафардан ортиғи, яъни 56 фоиз ўқитувчиларимизнинг салоҳияти талаб даражасида эмас. Бу дегани деярли 3 млнга яқин ўқувчи-болаларда юқори малакали ўқитувчидан таълим олиш имконияти мавжуд эмас”, – деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, мактабларда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг сифат таркибини яхшилаш ва уларнинг доимий малакасини ошириш, улар учун узлуксиз методик ёрдам кўрсатиш тизимини жорий этиш бўйича вазифаларни белгилаб олган.

Бу вазифани бажаришда вазирлик ҳузуридаги А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институтига катта ишонч ва масъулият юкланган. Институт ва ҳудудлардаги 14 та марказ бу йўналишдаги асосий бўғин этиб белгиланган.

“Хабарингиз бўлса керак, 2022 йилдан бошлаб, ўқитувчилар малакасини ошириш тизими узлуксиз касбий ривожлантириш тизимига трансформация бўлди. Энди ўқитувчилардан доимий ўз устларида ишлаш, билим ва малакаларини ошириш талаб этилади.

Шу билан бирга, ўқитувчи ўзига қулай шаклда (онлайн ёки анъанавий), истаган ва қулай вақтда (йил давомида ёки йилига 1 хафта) ва хоҳлаган жойда (платформада, марказда, нодавлат ташкилотда ёки ОТМда) малака ошириши имконияти ҳам яратилди.

Энди ўқитувчи махсус платформа орқали ўз билимларини диагностика қилади ҳамда аниқланган билимдаги бўшлиқлар асосида малака оширади.

Ҳар бир ўқитувчининг касбий ривожланиш динамикаси платформа орқали доимий мониторинг қилиб борилади.

Бир сўз билан айтганда ўқитувчиларни узлуксиз касбий ривожлантиришнинг механизми ва инфраструктураси шакллантирилди. Масала фақат малака ошириш ҳамда методик ёрдам кўрсатишнинг мазмуни, яъни контентида қолди.

Айнан шу масалада халқаро ташкилотлар ва донорлар билан ҳамкорликни кучайтиришимиз зарур, деб ҳисоблаймиз”, – деган Саидов.

Маълумот учун, 2022 йилдан мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланмоқда.

Янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун:

  • Авлоний институти Миллий таълим маркази сифатида қайта ташкил этилади ва Тошкент давлат педагогика университети билан ягона тизимга айлантирилади;
  • 1 июнга қадар ҳар бир ҳудуддаги Малака ошириш марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий таълим марказлари ташкил этилади;
  • ушбу марказларга математика, физика, кимё, биология, IT каби аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади;
  • хорижий мутахассислар ёрдамида олийгоҳ, миллий таълим марказлари ва мобиль гуруҳларнинг муаллимларидан иборат ҳар бир вилоят кесимида «тренерлар гуруҳлари» шакллантирилади;
  • мазкур тренерлар эса жойларда мактаб ўқитувчиларининг бевосита малакасини ошириб боради. Уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устамалар тўланади.

Малакали ўқитувчиларни рағбатлантириш учун янги устама жорий этилмоқда. Унга кўра, янги ўқув йилидан бошлаб, мактабларда математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологияларидан дарс бераётган ўқитувчиларда халқаро сертификат олган ҳолда маошларини ошириб олиш имконияти пайдо бўлади. Ўтган йили бундай устамалар халқаро сертификатга эга чет тили ўқитувчилари учун жорий этилганди.

Педагоглар тайёрлаш сифатини ошириш учун Тошкент давлат педагогика университети Халқ таълими вазирлиги таркибига ўтказилади. Ҳудудларда фаолият юритаётган педагогика олийгоҳлари босқичма-босқич университетлар таркибидан алоҳида ажратиб чиқарилади ва мустақил таълим даргоҳига айлантирилади.

Мавзуга оид