Ўзбекистон | 21:02 / 01.05.2022
31857
3 дақиқада ўқилади

Қарши туманининг собиқ ҳокими қамоққа олингани ҳақида хабар тарқалди. Прокуратура бу хабарни рад этди

Қарши тумани ҳокими собиқ ўринбосари, қишлоқ хўжалиги ва ирригация бўлимлари бошлиқлари - жами 3 нафар шахс Жиноят кодексининг 167, 209-моддалари билан айбланиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Ижтимоий тармоқларда Қарши туманининг собиқ ҳокими Мақсуда Мустафоева бюджет маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Қашқадарё вилояти прокуратураси мазкур хабарлар юзасидан раддия берди.

Раддияда ёзилишича, Қарши тумани прокуратураси томонидан 4 миллиард 198 миллион сўм миқдоридаги субсидия маблағлари талон-торож қилингани ҳолати бўйича Қарши туман ҳокими собиқ ўринбосари, қишлоқ хўжалиги ва ирригация бўлимлари бошлиқлари жами 3 нафар шахс Жиноят кодексининг 167 ва 209-моддалари билан айбланиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қайд этилишича, мазкур жиноят иши бўйича Қарши туманининг собиқ ҳокими Мақсуда Мустафоева айбланувчи сифатида жалб қилинмаган.

«Айрим шахслар томонидан ижтимоий тармоқларда собиқ ҳоким «жиноий иш доирасида айбдор деб топилиб, қамоққа олинганлиги» ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатилмоқда. Шунга кўра, аҳоли орасида ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш тегишли жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирамиз», дейилади раддияда.

Маълумот учун, Мақсуда Мустафоева 2020 йил март ойида Қарши тумани ҳокими этиб тайинланиб, 2022 йил 6 феврал куни ишдан бўшатилганди.

Мақсуда Мустафоева Қарши тумани ҳокими сифатида ишлаган даврида кўплаб шов-шувли ишлар билан омма эътиборига тушганди. Жумладан, Қарши туманида фаолият юритувчи «Султон текс» МЧЖ кластерининг тугатилишида ҳам унинг иштироки бўлган.

2021 йил ёзида ижтимоий тармоқларда Қарши туманида 100 миллион сўм пул ҳокимлик томонидан ўзлаштириб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалиши ортидан 2021 йил 23 июль куни вилоят ҳокимлигида йиғилиш ўтказилган, унда президент сайловига тайёргарлик кўриш ишлари бўйича йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам муҳокама қилинган, муҳокама жараёнида Қарши туманида ишлар қониқарсиз олиб борилгани айтилган.

2021 йил 12 август куни йиғилиш якунлари бўйича қатор камчиликларга йўл қўйгани учун Мақсуда Мустафоевага ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган.

Сентябрь ойида ОАВ вакиллари билан суҳбат вақтида Қашқадарё вилояти собиқ ҳокими Зоир Мирзаев уни ҳокимликка тавсия этганидан афсусдалигини билдирганди. «Барчада хато ва камчиликлар бўлади, албатта. Раҳбар сифатида буни танқид қиламан. Яқинда Қарши тумани ҳокими билан суҳбатлашиб, камчиликларини кўрсатдим. Мен бошида унинг ишини кўрмасдан, ҳокимликка тавсия берганимни хатойим деб биламан», деганди у.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид