Ўзбекистон | 20:31 / 12.05.2022
9800
3 дақиқада ўқилади

Иқтисодчи — энергетикадаги субсидиялаш тизимининг ҳозирги шакли нима учун адолатсиз экани ҳақида

“Электр энергияси учун сунъий пасайтирилган нархдан бунга муҳтожлиги бўлмаганлар катта фойда кўради”, дейди Шуҳрат Қурбонов. У давлат аҳолининг заиф қатламини ҳимоя қилиши кераклигини айтиб, аслида эҳтиёжманд аҳоли учун мўлжалланган субсидиялар ҳозир қандай қилиб ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлмаганлар фойдасига ишлаётганини тушунтирди.

Фото: Kun.uz

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда кўтарилган энергетика ислоҳоти мавзусига иқтисодчи Шуҳрат Қурбонов ҳам ўз Telegram-каналида муносабат билдирди.

Айтайлик, 1 кВт/соат [электр энергияси]нинг ҳақиқий нархи 450 сўм (юридик шахслар учун белгиланган нархдан келиб чиқиб тахмин қилдим). Маиший истеъмолчилар учун эса 295 сўм. Ўртада 155 сўм фарқ чиқяпти. Бу фарқ якунда давлат томонидан қопланади (яъни бизнинг ҳисобимиздан). Бу дегани, ишлатилган ҳар бир киловатт, аниқроғи ундан келадиган зарар солиқ тўловчилар ҳисобидан қопланади.

Тўғри, кимдир бу ахир давлатнинг вазифаси-ку дейиши мумкин. Лекин бу аслида у қадар тўғри эмас. Қачондир ўйлаб кўрганмисиз, бундан яна ўша шаҳарларда яшайдиган бойлар (майли, ўзига тўқлар дея қолайлик) ютади. Нега?

Хўш, шаҳарда яшайдиган [даромади] ўртамиёна киши ойига қанча ишлатади – 200 кВт, 300 кВт? Туманларда бундан ҳам камроқ (айниқса, электр йўқлигини ҳисобга олсак). Энди тасаввур қилинг, каттагина квартирада ёки ҳовли-уйда яшайдиган, 4-5та кондиционери, ҳар битта хонасида телевизори бор ва ҳоказо шароитларга эга одам қанча электр ишлатади? Турган гапки, 1000 кВт.дан кўпроқ.

Бундан келиб чиқадики, [даромади] ўртамиёна одам давлатдан ойига 200х155 сўм миқдорида (билвосита) субсидия олади, бу 31 минг сўм дегани. “Ўртамиёна бўлмаган” киши эса давлатдан 1000х155 сўм = 155 000 сўм олади.

Якунда, электр энергияси учун сунъий арзонлаштирилган нархдан бундай арзонлаштиришга муҳтожлиги бўлмаганлар катта фойда кўради.

Бу ерда муҳим нюанс бор. Агар ислоҳот/либерализация қилиш хоҳиши бўлса, буни одатдагидек нархларни ошириш шаклида қилинмаслиги керак. Бу борада электр энергияси нархи ошишидан биринчи бўлиб жабр чекадиган аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича аввалдан манзилли давлат сиёсатини ишлаб чиқиш лозим. Айнан заиф қатламларни қўллаб-қувватлаш давлатнинг энг муҳим вазифасидир”, – дейди Шуҳрат Қурбонов.

Бугун, 12 май куни энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев энергия таъминотида табақалаштирилган тарифларга ўтилишини маълум қилди.

Бунинг учун ижтимоий истеъмол нормаси белгиланади. Мазкур норма миқдори ҳозирча маълум эмас, бироқ вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, айни пайтда маиший истеъмолчиларнинг аксарияти ушбу нормадан ортиқ бўлмаган миқдордаги энергоресурслардан фойдаланмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид