Ўзбекистон | 18:56 / 23.05.2022
25212
6 дақиқада ўқилади

Фарғона НҚИЗ Кипрда рўйхатда ўтган офшор компания ихтиёрига ўтди

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 100 фоиз улуши 100 млн долларга “Саноат Энергетика Гуруҳи” МЧЖга сотилди. Бу компанияга офшор ҳудуд ҳисобланувчи Кипрда рўйхатдан ўтган “Belvor Holding Limited” эгалик қилади.

Фото: Давлат активларини бошқариш агентлиги

“Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ устав фондидаги 100 фоиз давлат улуши 100 млн долларга “Саноат Энергетика Гуруҳи” МЧЖ ХКга сотилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “UzAssets” инвестиция компанияси маълум қилди.

Расмий эълонда, бу компания очиқ савдо ғолиби деб танланишига “белгиланган малака талабларига мувофиқлиги”, “ҳудуд нефт ва газ саноатидаги катта тажрибаси”, “завод фаолияти учун зарур бўлган хом ашё конларининг мавжудлиги” ва “корхонанинг баҳосидан юқори сотиб олиш нархини тақдим этгани” сабаб бўлгани қайд этилган.

Битим доирасида харидор қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

  • заводни модернизация қилиш орқали замонавий ва экологик тоза бензин, Евро-5 талабларига жавоб берадиган дизел ёқилғиси, Жет а-1 реактив ёқилғиси ва суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш;
  • нефт агрегатларини модернизация қилиш, шунингдек, ишлаб чиқариш қувватини камида 2 миллион тоннага ошириш;
  • юқоридаги мақсадлар учун 380 млн доллардан ортиқ инвестиция киритиш.

“Саноат Энергетика Гуруҳи” МЧЖ кимга тегишли?

2017 йил июнь ойида “Ўзбекнефтгаз” (улуши – 60 фоиз) ва “Gas Project Development Central Asia” (“Gazprom International” шуъба корхонаси, улуши – 40 фоиз) томонидан “Jizzakh Petroleum” қўшма корхонаси ташкил этилади. Кейинроқ, “Ўзбекнефтгаз” ҳукуматдан қўшма корхонадаги улушини 30 фоизгача камайтиришни сўраб мурожаат қилади. Хорижий таъсисчиларнинг улуши эса 70 фоизгача оширилади.

2020 йилнинг июнь ойи ҳолатига кўра, “Jizzakh Petroleum” таъсисчилари рўйхати қуйидагича кўриниш олади: Кипрда рўйхатдан ўтган “Belvor Holding Limited” компанияси (68 фоиз), “Ўзбекнефтгаз” (30 фоиз) ва “Gas Project Development Central Asia” (2 фоиз).

2021 йилнинг октябрь ойида эса “Ўзбекнефтгаз” “Jizzakh Petroleum” таъсисчилари таркибидан бутунлай чиқди ва корхона ўз номини “Саноат Энергетика Гуруҳи” МЧЖ хорижий корхонаси деб қайта номлади. Бунгача қўшма корхонанинг 49 фоизи “Ўзбекнефтгаз”га, 49 фоизи “Belvor Holding Limited”га тегишли бўлган.

Юридик шахслар реестрига кўра, “Саноат Энергетика Гуруҳи” МЧЖнинг 98 фоиз улушига “Belvor Holding Limited”, 2 фоиз улушига эса “Gas Project Development Central Asia” компанияси эгалик қилади.

“Саноат Энергетика Гуруҳи”нинг офшор ҳудуд ҳисобланадиган Кипрдаги таъсисчиси – “Belvor Holding Limited” компанияси 2014 йил 16 июнда ташкил қилинган.

Қизиқ жиҳати, “Belvor Holding Limited” рўйхатдан ўтган манзилда самарқандлик тадбиркор Бахтиёр Фозиловнинг “Drupola Holding Limited” вa “Ferkensco” компаниялари ҳам рўйхатга олинган.

“ERIELL Group” ва “Enter Engineering” компанияларининг бошқарув раиси Бахтиёр Фозилов 2020 йил май ойида bne IntelliNews нашрига берган интервьюсида “Ferkensco” компаниясининг бошқарувчиси эканини айтиб ўтган.

Аввалроқ, бюджет маблағлари ҳисобига бунёд этилган Самарқанд халқаро аэропорти ва аэродром комплекси модернизацияси ҳамда бошқаруви ҳуқуқи тўғридан тўғри таъсисчиси “Drupola Holding Limited” бўлган “Air Marakanda” МЧЖга ДХШ шартлари асосида топширилиши маълум қилинганди.

Бундан ташқари, Бахтиёр Фозилов, Самарқандда 212 гектар майдонда туризм марказини қураётган “Samarkand Touristic Centre” компаниясининг ҳам 60 фоизлик эгаси ҳам ҳисобланади.

Тақдим қилинган солиқ имтиёзлари

Ўзбекистонда 2022 йилдан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари пасайтирилган. Хусусан, нефть ва табиий газ бўйича ставкалар 10 фоизгача (олдинги ставкалар нефть учун 20 фоиз, табиий газ учун 30 фоиз бўлган) камайтирилди. Аммо бу тартиб НКМК, ОКМК ва “Ўзбекнефтгаз” учун ўзгармасдан қолади.

Тегишли фармон қабул қилинганидан бир неча кун ўтгач эса “Jizzakh Petroleum” “Ўзбекнефтгаз” таркибидан бутунлай чиқиб кетган.

Kun.uz сўровига жавобан, “Ўзбекнефтгаз” акционерлар гуруҳидан чиқишини “шартлар тўғри келмагани” билан изоҳлаган.

Давактив маълумотига кўра, “Саноат Энергетика Гуруҳи” Ўзбекистондаги энг йирик хусусий вертикал интеграциялашган нефт ва газ компанияси ҳисобланади. Айни пайтда компания ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига эга 103 та конга эгалик қилади ва нефт қазиб олишнинг тахминан 80 фоизини, тасдиқланган газ захираларининг эса тахминан 22 фоизини ташкил қилади.

Нефт ва газ қазиб олишдан ташқари, компания бензин, дизел, нефт, авиация керосини ва бошқа бир қатор юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Компания раҳбари лавозимида эса аввалроқ “Ўзбекнефтгаз” компанияси раҳбари ва иқтисодиёт вазири ўринбосари сифатида ишлаган Шокир Файзуллаев фаолият юритади.

Шу ой бошида Адлия вазирлиги “Охирги бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестри тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини хабар қилганди. Лойиҳа айрим тадбиркорлик субъектларига (асосан офшор зоналар ва чет эллик элементи мавжуд тадбиркорлик субъектлари) ўзларининг охирги бенефициар мулкдорларини ошкор қилиш мажбурияти юклашни назарда тутади.

Мавзуга оид