Россия Донбассдаги яна бир шаҳарни эгаллаганини эълон қилди
Украинанинг Донецк вилоятидаги Лиман шаҳри Россия армияси назоратига ўтган. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги эълон қилди. Рус ҳарбийлари Лиманга штурм бошлангани ҳақида бир неча кун аввал хабар қилганди.
Ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР» раҳбари Денис Пушилин 25 май куни Лиманнинг бир қисми руслар назоратига ўтганини айтганди. 20 мингдан ортиқ одам яшайдиган Лиман Константиновка, Авдеевка ва Днепрга олиб борадиган Селидова трассалари кесишган манзил яқинида жойлашган. Яъни бу шаҳарда жойлашиш орқали рус аскарлари ушбу трассаларни блоклай олиши мумкин. Шу сабаб Лиман катта шаҳар бўлмаса-да, ушбу омил билан стратегик аҳамиятга эга. Лиман кўли ҳам айнан шу шаҳар ҳудудида жойлашган.
Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович ҳам 27 май куни катта эҳтимол Лиман бой берилганини айтганди. Олдинроқ Украина Северодонецкдаги Сведлодарск шаҳрини ҳам бой берганди. Украина томони бу шаҳардан чекиниб, мудофаа учун қулайроқ позицияга ўтганини маълум қилган.
Россия ОАВларида мамлакат армияси Северодонецкда украин аскарларини ўраб олгани ҳақида ҳам ёзишмоқда, аммо бу маълумот тасдиқлангани йўқ.
Россия 24 феврал куни Украина ҳудудига бостириб кирди. Путин Россияда «махсус ҳарбий амалиёт» деб аталаётган ҳарбий ҳаракатларнинг асосий мақсади Украинани денацификация ва демилитаризация қилиш эканини айтганди. Россия томони бир неча марта Украинага кирганидан мақсад мамлакатни босиб олиш эмаслигини билдирган. Шунга қарамай, ҳозиргача ўнлаб шаҳарлар Россия армияси назоратига ўтгач, у ерларга руслар томонидан раҳбарлар тайинланиб, шаҳар марказларига Россия байроғини илишмоқда.
Урушнинг иккинчи фаол фазаси Россияда «Донбассни қутқариш операцияси» деб аталмоқда. Донбасс Донецк кўмир ҳавзаси (Донецкий угольный бассейн) сўзининг қисқартмаси ҳисобланади. Донбасс ҳудудига 30 дан ортиқ шаҳарлар киради, хусусан, Донецк ва Луганск ҳам.
Мавзуга оид
19:39 / 08.11.2024
Украинада россиялик яна бир генерал ҳалок бўлди
21:23 / 31.10.2024
Фронтдаги вазият: Россия ва Украина Курахово учун кузнинг ҳал қилувчи жангини бошлади
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024