Жаҳон | 19:08 / 31.05.2022
12722
2 дақиқада ўқилади

Греция ташқи ишлар вазирлиги Туркияни ўзаро муносабатларни кескинлаштирмасликка чақирди

Никос Дендиаснинг сўзларига кўра, "Туркия Грецияга таҳдид қилмоқда". 

Фото: AP

Греция ташқи ишлар вазири Никос Дендиас Анқарага таҳқирлашни бас қилиш ва муносабатларни кескинлаштирмасликни тавсия қилди. 

"Мен Туркиянинг Греция БМТга йўллаган мактубдан (Анқаранинг Греция оролларини демилитаризация қилиш тўғрисидаги талаби бўйича) ғазабланганини тушунаман. Биз Туркиянинг барча эътирозларига ишончли ва юридик асосланган ҳолда жавоб қайтарганмиз. Аммо Туркия томони таҳқирлашлардан қочиши, муносабатларни кескинлаштирмаслиги керак деб ўйлайман. Бу ҳеч нарса бермайди", деди Дендиас.

Унинг сўзларига кўра, "Туркия Грецияга таҳдид қилмоқда".

25 май куни Грециянинг БМТдаги доимий вакили Мария Теофили 2021 йил 30 сентябрда Туркиянинг БМТдаги доимий вакили ташкилот бош котибига йўллаган мактубга жавоб мактубини топширганди. Манбаларнинг билдиришича, мактубда Туркиянинг барча эътирозлари юридик, тарихий ва факт жиҳатидан асоссизлиги таъкидланган.

31 май куни Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Грецияни Эгей денгизидаги оролларнинг демилитаризация мақомини бузишда айблади.

"Греция оролларнинг мақомини бузди, уларни демилитаризация қилиш керак. Акс ҳолда оролларнинг кимга тегишлилиги тўғрисидаги савол кун тартибига чиқади", - деди у.

Мавзуга оид