АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси апрел ойида энг кўп грин-карта визаси бериш бўйича дунёда иккинчи бўлди
Апрел ойида энг кўп DV визасини берган АҚШнинг хориждаги ваколатхоналари орасида Тошкентдаги элчихона 2-ўринни эгаллади. Ой давомида Американинг Ўзбекистондаги консули 281 нафар фуқарога грин-карта лотереяси визасини берган.
“Биз грин-карта лотереясини қўллаб-қувватлашда давом этамиз”, дея изоҳ берди юқоридаги маълумотни Facebook-саҳифасида эълон қилган элчихона.
АҚШ Давлат статистика департаменти ахборотига кўра, АҚШнинг Тошкентдаги ваколатхонаси 2022 йил апрел ойида қуйидагича миқдорларда иммиграцион визалар тақдим этган:
- DV – 281 та;
- FX – 221 та;
- IR1 – 19 та, IR2 – 7 та, IR5 – 35 та;
- F2A – 16 та, F2B – 10 та;
- CR1 – 5 та, CR2 – 1 та;
- SE – 4 та, F1 – 7 та.
Аввалроқ Kun.uz 2022 йил апрел ойи ҳолатига ўзбекистонлик DV-2022 ғолибларининг атиги 24 фоизи суҳбатга чақирилгани ҳақида ёзганди. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси 2020 йил бошида пандемия сабабли фаолиятини кескин қисқартириб, ўтган йилнинг октябрига келибгина грин-карта ғолибларини суҳбатга чақира бошлаган, суҳбатга чақирилганлар сони бўйича АҚШнинг бошқа элчихоналаридан каррасига ортда қолаётганди.
Ўзбекистон – аҳолиси энг кўп грин-карта ўйнайдиган давлатлар рўйхатида туради. Ҳар йили қарийб 2 миллион ўзбекистонлик Diversity Visa (DV) – хилма-хиллик дастурида қатнашади.
Diversity Visa Program – Америка жамиятида миллатлар хилма-хиллигини таъминлашга қаратилган виза дастури. Дастур АҚШда 1990 йилда қабул қилинган қонун асосида йўлга қўйилган. Ундан кўзланган мақсад – АҚШга тарихан иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган миллатлар вакилларига Америкада яшаш ҳуқуқини беришдир.
Мавзуга оид
19:22
Америкалик ҳарбий хизматчилар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ортди
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
16:56 / 14.11.2024
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:46 / 14.11.2024