Ҳозирги референдум Тўқаев ҳукуматининг «парламентни тинглаш» сиёсати ўзанида ётади ва автократиядан чарчаган жамоатчилик талабига жавоб бўлиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, экспертларнинг ҳисоблашича, Тўқаев учун бу январ ойидаги намойишлар ва можарони ҳал қилиш учун КХШТ қўшинларини чақириш бўйича кўпчилик томонидан яхши қабул қилинмаган қароридан кейин ўз репутациясини тиклашга бўлган навбатдаги уринишидир.

Бу мустақиллик даврида Қозоғистонда ўтказилаётган учинчи референдумдир. Аввалги икки референдум 1995 йилда бўлиб ўтган: биринчиси - Назарбоевнинг президентлик ваколатларини узайтириш бўйича, иккинчиси - конституцияга оид, унинг якунларига кўра ҳозирги асосий қомус қабул қилинган. Кейинроқ мамлакат конституцияси беш марта ўзгартирилди. Жами 19 моддага 26 тузатиш киритилди. Ўзгартиришларни парламент маъқуллаган.

Референдум қандай ўтади?

Қозоғистонликлар бу галги референдумда бир бутун пакетга овоз беришади, яъни биратўла барча тузатишларга розилик беради ёки қаршилик билдиради.

Мамлакатнинг асосий қонунидаги турли 33 моддада жами 56 тузатиш назарда тутилган, шу тариқа, амалда конституциянинг учдан бир қисми қайта ёзилади.

Ўзгартиришлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди ва жамоатчиликка тақдим этилди. Аммо кўплаб экспертлар фуқаролар айнан нима учун овоз беришга боришларини англашларига шубҳа қилишади.

«Барча тузатишлар билан танишишга уриниш, агар сиз эксперт ёки таҳлилчи бўлмасангиз, изланишга ўхшайди. Уларнинг кўпида формулировка жуда мураккаб ва моҳиятдан чалғитади. Ахир кимгадир элликта тузатишдан бештаси, ёки 10 таси ёки ўн бештаси маъқул бўлиши мумкин, аммо фуқароларда ҳар бир тузатиш учун алоҳида овоз бериш имконияти йўқ», дейди қозоқ политологи Досим Сатпаев.

Назарбоев меросига зарба

Қозоғистонликларнинг аксари бугунги муаммолар сабабини Назарбоев меросида кўришади
Фото: GETTY IMAGES

Аксар қозоғистонликлар овоз беришга Нурсултон Назарбоев элбоши титули (қозоқ тилида «миллат отаси») ва бошқа имтиёзларидан маҳрум бўлиши учун боришини айтади.

Мамлакатнинг биринчи президенти, 29 йил 8 ой ва 26 кун давомида ҳокимиятда қолган Назарбоев бир йил муқаддам Қозоғистон Халқ ассамблеяси раиси лавозимидан воз кечган, жорий йил январ ойида эса Хавфсизлик кенгаши раислигидан ҳам кетганди.