21:41 / 06.06.2022
125393

Starlink Ўзбекистонга кирмоқчи. У таклиф қилаётган интернет нархлари қанақа?

Яқинда Starlink расмий сайтида лойиҳа доирасида сунъий йўлдош интернетининг ишга тушиш ҳудуди ва вақти акс этган харита эълон қилинди. Унда кўрсатилишича, лойиҳа Ўзбекистонда 2023 йилдан ишлай бошлайди.

Starlink терминали / Фото: Business Insider

Май ойида Starlink лойиҳасига эгалик қилувчи SpaceX компанияси вакили фазовий технологиялар бўйича халқаро конференция доирасида Тошкентга келган эди. АКТ вазирлиги ва “Ўзбеккосмос” агентлиги вакиллари у билан учрашувда компания ва Starlink лойиҳасини Ўзбекистонга таклиф қилганди.

Лойиҳа қачон ишга тушиши, қандай ишлаши, Ўзбекистонда сунъий йўлдош интернетидан нималарни кутиш мумкинлиги, интернет нархи қанча бўлиши кабилар ҳозирча номаълум.

Ўзбекистон ўз сунъий йўлдошини учириш режаларини кечиктирган

2018 йилда инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон ўз сунъий йўлдошини учириши, бу мамлакатдаги “ҳаётни бирданига ўзгартириб юбориши”, хусусан интернет тезлиги ошишини айтганди. Аммо шундан кейин бу йўналишда деярли янгилик бўлгани йўқ.

2022 йил мартида “Ўзбеккосмос” директори Шуҳрат Қодиров айтдики, сунъий йўлдош орқали олинадиган интернет анча секин ва катта маблағ талаб қилгани учун уни учириш унчалик фойдали эмас. Қодировнинг фикрича, Ўзбекистонда оптик толали интернетни кенгайтириш самаралироқ.

5 йил олдинги гаплар амалга ошмай қолгани, янги баёнотда эса Ўзбекистон ўз сунъий йўлдошини учириши ҳозир кун тартибида эмаслиги тасдиқланганидан келиб чиқсак, Starlink интернети мамлакат телекоммуникация тармоғини янги босқичга чиқариш учун яхши имконият бўлиши мумкин.

Starlink интернети нархи ва ўзбекистонликлар чўнтаги

Томга ўрнатилган Starlink терминали / Фото: Harris Wilson

Ookla компаниясининг Speedtest сервиси маълумотига кўра, ҳозирда мобил бўлмаган (Fixed Broadband) энг тез интернет алоқаси Сингапурда – сониясига 207,6 Мбит. Ўзбекистон бу борада 39,7 Мбит/сония тезлик билан 84-ўринни эгаллаб турибди.

Starlink интернети лойиҳаси эса 500 Мбит/сониягача интернет тезлиги таклиф қиляпти. Демак, бу – ҳозир энг юқори тезликдаги мобил интернетдан ҳам камида 2 баробар тез.

2021 йил 4-чораги бўйича Speedtest статистикаси: АҚШда сунъий йўлдошли интернетнинг ўртача тезлиги кенг полосали номобил интернетнинг ўртача ​​​тезлигидан пастроқ

Бироқ юқори тезликдаги интернетдан баҳраманд бўлишни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармайди. Сунъий йўлдошли интернет қурилмалари пакетини харид қилиш ва ойлик абонент тўловини тўлаб бориш лозим. Starlink таклиф этаётган тарифлар қуйидагича:

  • “Starlink internet” тарифи — 50–250 Мбит/сония тезликда; қурилма 599 доллар, ойлик тўлов 110 доллар.
  • “Starlink Business” тарифи — 150–500 Мбит/сония тезликда; қурилма 2500 доллар, ойлик тўлов 599 доллар.
  • “Starlink RV” тарифи — 50-250 Мбит/сония тезликда, қурилма 599 доллар, ойлик тўлов 135 доллар.
599 долларлик Starlink тўплами / Фото: Alex Lockie

Кўриниб турибдики, тарифлар арзон эмас, шу билан бирга, сифатли интернет нархларини бизнес учун ҳаддан ташқари қиммат деб бўлмайди.

Бутун сайёрага – тезкор интернет

Starlink лойиҳаси орбитага 12 мингдан 30 мингтагача сунъий йўлдош олиб чиқиб, Ерни 3 қатор бўлиб ўраб олишни мақсад қилган. Ва у бутун дунёга сифатли интернет етказиб бериши керак.

Лойиҳа 2019 йилда ишга тушган ва 2022 йил май ҳолатига кўра, Ернинг қуйи орбитасига 2400 та кичик сунъий йўлдошлар олиб чиқилган.

Starlink интернетини мобил интернет сифатида ишлатиш учун алоҳида тариф ишлаб чиқилган. / Фото: Harald Murphy 

Лойиҳа сайтида ёзилишича, Starlink кабелли интернетдан анча тезроқ ишлайди ва кўпроқ ҳудудларни қамраб олади. Анъанавий сунъий йўлдошлар сайёрадан 35 минг километр узоқликда бўлса, Маск таклиф этаётган Starlink Ердан 550 километр узоқликда ва шунинг учун ҳам у бошқа сунъий йўлдошлардан анча тезроқ ишлайди.

Top