Ўтган ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаларидан бири миллий валюта – ўзбек сўмининг расмий рамзи танлаб олиниши билан боғлиқ бўлди.

Интернет фойдаланувчилари сўм рамзи сифатида танлаб олинган белги 1998 йилда асос солинган ва Франциянинг Лион шаҳрида фаолият юритувчи “In-Core Systèmes” компаниясининг логотипидан деярли фарқ қилмаслигини билдириб, белги плагиатга текширилган-текширилмагани саволини кўтарди. Бундан ташқари, танланган белги дунёнинг яна бир нечта давлатларида мавжуд логотипларга ўхшашлиги аниқланган.

Ҳолатга Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти муносабат билдириб, Франция “In-Core Systèmes” компанияси логотипи Ўзбекистонда товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтмагани, шу саб абли бу белги Ўзбекистонда ҳуқуқий муҳофаза қилинмаслигини маълум қилди.

Биз мавзу юзасидан юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича мутахассис Абдумўмин Йўлдошевнинг фикри билан қизиқдик.

“Ўзбекистонда рўйхатдан ўтса, Ўзбекистонда, Францияда бўлса, Францияда...”

— “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон қонунига кўра, товар белгиси бир юридик ва жисмоний шахслар товарлари ва хизматларини бошқа бир юридик ва жисмоний шахсларнинг айни шу турдаги товар ёки хизматларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгилардир.

Бирор бренд ҳуқуқий муҳофазага эга бўлиш учун, албатта, ҳудудийлик тамойили асосида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Яъни умумий амалиётга кўра, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бренд мамлакатимизда, Францияда ўтгани эса Францияда муҳофаза қилинади.

Шу билан бирга, товар белгилари Ницца шартномасидан келиб чиқиб 45 та синфга ажратилган. Яъни бирор-бир товар белгиси эгаси ўзи қайси соҳада фаолият юритаётган бўлса, айни ушбу йўналиш учун муҳофазага эга бўлади (ҳаммага маълум товар белгиларини истисно қилганда).