Ўзбекистон | 21:30 / 11.06.2022
26500
2 дақиқада ўқилади

Гурлан ҳокими юқорироқ лавозимга тайинланди. У аввалроқ ҳайфсан олган ва фермерларга таҳдид қилганди

Гурлан тумани ҳокими Муроджон Ачилов Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У ўтган йили ноябрда фаолиятидаги жиддий камчиликлар учун ҳайфсан олган, жорий йил февралида эса кластер билан шартнома тузмай, кооперативларга уюшмоқчи бўлган фермерларга “статялар” билан таҳдид қилганди.

Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Ачилов Муроджон Азаматович Хоразм вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тайинловга қадар у 2020 йил апрел ойидан буён Гурлан тумани ҳокими лавозимида фаолият юритган. Ундан олдин, 2018 йилдан бошлаб “Агробанк” бошқарув раиси ўринбосари бўлган.

Ачилов 2021 йил ноябрида ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган ва жиддий камчиликларга йўл қўйилган деб топилган Хоразмдаги 12та туман-шаҳар ҳокимлари қаторида ҳайфсан олган эди.

2022 йил февралида эса Kun.uz'га Гурлан ҳокими иштирокида ўтган йиғилиш аудиоси келиб тушган, унда ҳоким кооперативларга уюшиш истагида бўлган фермерларга таҳдид қилгани маълум бўлганди.

Ҳоким фермерлар иштирокидаги ҳамкорлик шакли – кооперацияни “бўладиган нарсамас” деб атаб, “кооперацияни ўша вақтда бизлар ўйлаб топганмиз, аммо бу “пустой” нарса” деган ва маҳаллий кластер билан шартнома тузишга фермерларни қатъий оҳангда чорлаб: “Эртага ёмонотлиқ бўлганинг қолади, ерингдан ажраганинг қолади”, “Бошқа-бошқа статялар чиқиб келади” деганди.

Аввалроқ, апрел ойида Олмалиқ шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Умид Шоумаров президент селекторида танқидлар билан ишдан олинганидан бир неча кун ўтиб, Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланганди.

Мавзуга оид