Жаҳон | 08:36 / 15.06.2022
10833
2 дақиқада ўқилади

2022 йилда Россияда камбағаллик даражаси кескин ошди 

Бугунги кунда, Росстат маълумотларига кўра, ҳар еттинчи россиялик қашшоқлик чегарасидан паст даражада яшаяпти. Бу ўтган йил охирига нисбатан бир ярим баробар кўпдир.

14 июнь, сешанба куни эълон қилинган Федерал давлат статистика хизмати (Росстат) ҳисоботига кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида камбағаллик чегарасидан паст даромад оладиган россияликлар сони 20,9 миллион кишини ташкил қилди. Бу кўрсаткич ўтган йил охирига нисбатан деярли 69 фоизга кўпдир, ўшанда Росстат қашшоқлик чегарасидан пастда яшайдиган 12,4 миллион киши ҳақида маълумот берган. 2020 йил ҳолатига кўра, Россия аҳолиси 144,1 миллион кишини ташкил этди.

Идора маълумотларига кўра, қашшоқлик чегараси жорий йилнинг дастлабки уч ойида 2021 йил охирги чорагидаги 12 269 рублга нисбатан 12 916 рублни ташкил қилди. Россия аҳолисининг 14,3 фоизи ушбу белгидан паст даромадга эга эди. Росстатнинг таъкидлашича, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Россияда камбағаллар сони атиги 0,1 фоизга, яъни 0,1 миллион кишига ошган. Шу билан бирга, федерал хизмат камбағалларнинг олдинги даврга нисбатан кескин ўсиши сабабини тушунтирмади. 

Росстат ҳисоботида айтилишича, қашшоқлик даражаси ошишининг асосий сабаби инфляциянинг 11,54 фоизгача тезлашиши бўлиб, бу аҳоли жон бошига ўртача номинал пул даромадларининг ўсишидан ошиб кетди. Биринчи чоракда бу кўрсаткич 36 234 рублни ташкил этди - 2021 йилнинг биринчи уч ойига нисбатан 10,9 фоизга кўп, лекин ўтган чорак даражасидан сезиларли даражада паст - 47 694 рубль. Шундай қилиб, пасайиш 24 фоизни ташкил этди. 

2021 йилнинг сўнгги чорагида номинал ҳисобланган иш ҳақи 62 828 рублни ташкил этди ва жорий йилнинг биринчи уч ойида у 4 фоиздан кўпроққа камайиб, 60 101 рублга тенг бўлди, дейилади Федерал давлат статистика хизмати маълумотларида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид