Жаҳон | 11:18 / 21.07.2022
6953
2 дақиқада ўқилади

«Газпром» «Шимолий оқим» орқали газ етказиб беришни тиклади

Профилактик таъмирлаш ишларидан сўнг «Шимолий оқим» газ қувури орқали кунига 67 миллион кубометр газ етказиб берилади. Бу таъмирлаш бошланишидан олдин етказиб бериш ҳажмига тўғри келади, лекин лойиҳа қувватининг атиги 40 фоизини ташкил этади.

Фото: Picture Alliance

Ғарбнинг хавотирига қарамай, «Газпром» «Шимолий оқим» газ қувурида профилактика ишлари якунланганидан сўнг 21 июль, пайшанба куни Германияга газ етказиб беришни тиклади. Биринчи куни газ қувури қувватининг 30 фоизи учун жой ажратилган, деди Федерал тармоқ агентлиги (Bundesnetzagentur, BNetzA) раҳбари Клаус Мюллер.

Nord Stream AG вакилининг сўзларига кўра, қувур орқали кунига 67 миллион кубометр газ етказиб берилади. Бу таъмирлаш ишлари бошланишидан олдинги етказиб бериш ҳажмига тўғри келади, аммо бу қувур максимал юкламасининг атиги 40 фоизини ташкил қилади. Россия томони июнь ойида етказиб беришнинг 60 фоизга қисқаришини Канадада таъмирланаётган, «Портовая» компрессор станцияси учун мўлжалланган Siemens турбинаси қайтарилмагани билан изоҳлади. 

Канада ҳукумати дастлаб Россияга қарши санкциялар туфайли турбинани қайтаришдан бош тортганди. Бироқ немис томони билан музокаралардан сўнг, Киевнинг норозилигига қарамай, 17 июль куни турбина Германияга жўнатилди. Уни етказиб бериш ва созлаш учун яна 9-12 кун керак бўлади. «Шимолий оқим» орқали газ етказиб бериш бундан кейин тўлиқ тикланадими ёки йўқми, номаълум. 

Россия президенти Владимир Путин куни кеча тахминан 26 июль куни «Газпром» ускуна қуввати билан боғлиқ ҳолда яна бир турбинани таъмирлаш учун тўхтатиши кераклигини айтган эди. У газ етказиб бериш ҳажмини ошириш учун «Шимолий оқим - 2» қувурини ишга туширишга тайёрлигини билдирди. Бироқ, Германия расмийлари бир неча бор таъкидлаганидек, бу масала кўриб чиқилмайди, чунки янги газ қувурида сертификат йўқ. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид