Жаҳон | 18:25 / 29.07.2022
15573
3 дақиқада ўқилади

Киев суди умрбод қамоққа ҳукм қилган Шишимаринга қўлланган жазони ўзгартирди

Киев апелляция суди россиялик ҳарбий, Суми областида тинч аҳоли вакилини ўлдиришда айбланган Вадим Шишимаринга қўлланган жазони юмшатди. Унга қўлланган умрбод қамоқ жазоси 15 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси билан алмаштирилди.

Фото: AP Photo/Danylo Antoniuk

21 ёшли сержант Шишимарин россиялик ҳарбийлар Украинага бостириб кирганидан кейин маҳкамага тортилган илк россиялик ҳарбий бўлганди.

23 май куни Киевдаги Соломенский суди «Уруш урф-одатларини бузиш» моддаси бўйича уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм этганди. Суд уни Чупаховка қишлоғида яшаган 62 ёшли Олександр Шелиповни ўлдиришда айбдор деб топганди.

Сержант биринчи суд мажлисидаёқ ўз айбига иқрор бўлганди.

Июн ойи охирида Шишимариннинг адвокати унга чиқарилган ҳукм устидан апелляция бергани маълум бўлганди.

Шишимаринни нима учун суд қилишганди?

28 феврал кун рўй берган воқеалар, айбловчи томон талқинига кўра, шундай ривожланган: Гринченково қишлоғи яқинида украин ҳарбийлари таркибида Шишимарин ҳам бўлган колоннани яксон этган, шундан кейин у ва яна тўрт нафар россиялик ҳарбий маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг машинасини эгаллаб олиб, чегара томон ҳаракатланган.

Йўлда улар телефон орқали гаплашаётган Шелиповни учратишган, Куфаков фамилияли ҳарбий Шишимаринга ушбу эркак украин ҳарбийларига хабар етказмаслиги учун уни ўлдиришни буюрган.

Шишимарин автомат орқали бир неча ўқ узган, Шелипов ўз уйидан бир неча ўн қадам масофада бошидан олинган жароҳатлар туфайли шу заҳоти жон берган.

Қотилликдан кўп ўтмай Шишимарин бўлган автомобил зарбага учраган, кейин у ва яна уч нафар ҳарбий хизматчи асир тушган.

Шишимариннинг адвокати Виктор Овсянников судда сержант ўз командири деб ҳисоблаган икки шахс босими остида ҳаракат қилгани ва Россия қуролли кучлари низоми талабларига риоя этганини таъкидлади. Адвокатнинг сўзларига кўра, 21 ёшли ҳарбий ўқ нишонга тегмаслигидан умид қилган ҳолда бу буйруқни бажарган.

Шишимариннинг ўзи ҳикоя қилишича, ўт очиш ҳақида буйруқ бўлгач, у сусткашлик қилган ва ўқ узмаган. Шундан кейин унга Куфаков фамилияли киши («нотаниш») ўгирилиб, барчани хавф остида қолдирмаслик учун ўшқирган ҳолда ўт очишни буюрган.

«Мен уни ўлдирмоқчи эмасдим. Мени тинч қўйишлари учун ўт очдим», деган судда Шишимарин.

Россия мудофаа вазирлиги Шишимарин билан боғлиқ вазият юзасидан изоҳ бермаган. Кремлдагилар бу борада маълумотлар етарли эмаслигини айтган.

Шишимарин Иркутск областининг Усть-Илимск шаҳридан бўлиб, Москва областидаги 4-Кантемир танк дивизиясида бўлим командири бўлиб хизмат қилган.

Мавзуга оид