Ўзбекистон | 11:48 / 02.08.2022
6936
2 дақиқада ўқилади

Владимир Норов Мавлуд Чавушўғли билан учрашди

Икки ва кўп томонлама даражада режалаштирилган тадбирлар, Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарлик ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

2022 йил 2 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов «Ўзбекистон - Озарбойжон - Туркия» мулоқот формати биринчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатга келган Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билан учрашди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, мулоқот чоғида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, иқтисодиёт турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маданий-гуманитар ва туризм алмашинувларини кенгайтириш юзасидан олий даражада эришилган келишувлар ижросига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Туркия халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлиги таъкидланди.

Дунёдаги ва минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Туркия делегацияси Тошкентда Афғонистон бўйича бўлиб ўтган конференция натижаларини юқори баҳолади. Афғонистон йўналишидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш ва бу мамлакатга гуманитар ёрдам кўрсатишга икки томон ҳам тайёрлиги эътироф этилди.

Мавлуд Чавушўғли Тошкент шаҳрида ташқи сиёсат, савдо, иқтисодиёт ва транспорт масалалари учун масъул бўлган вазирликлар раҳбарлари иштирокида «Ўзбекистон – Озарбойжон – Туркия» мулоқоти биринчи йиғилишини ўтказиш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

Икки ва кўп томонлама даражада режалаштирилган тадбирлар, шу жумладан, Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарлик ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид