Таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 1992 йилдан бошлаб жаҳон мусобақаларида қатнаша бошлаган. Шу вақтгача кўплаб ғалабалар қўлга киритилган, аммо ҳеч бир ўзбек қизи жаҳон чемпиони бўлмаган эди.

2022 йил 28-31 июл кунлари Болгариянинг пойтахти София шаҳрида таэквондонинг WТ бўйича кадетлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида 14 ёшли Лайло Ҳасанова олтин медал соҳибасига айланди. Боз устига, у мусобақанинг “Энг яхши таэквондочи қизи” деб ҳам топилди.

Kun.uz яқиндагина мусобақадан қайтиб келган Лайло ва унинг мураббийлари – Рихситилла Собиров ҳамда Муҳаммадмаъсум Назаралиев билан суҳбатлашди.

“Қўрқдим, лекин ишонч билдиришдими, энди ҳаракат қилишим кераклигини тушундим”

Тошкентлик спортчи мусобақа таассуротлари ҳақида шундай дейди:

— 4 ёшлигимда телевизорда таэквондочиларни кўриб, уларнинг кийимига қизиқиб қолганман. Кейинчалик ойимга шу спорт билан шуғулланмоқчилигимни айтганман ва шу билан мактабимизда очилган тўгаракка боришни бошлаганман. Қарасам, машғулотдагиларнинг барчаси чиройли шуғулланишяпти, тепишяпти. Буни кўриб, мен ҳам қизиқиб кетганман.

Жаҳон чемпионати бўлишини, у ерга фақат яхши тайёрланганлар боришини терма жамоамиз бош мураббийи Собир ака Назаралиев айтдилар. Кейин ҳамма спортчилар шуғулланишга киришиб кетдик. Саралаш жараёнлари бошланди, бунга бошқа вилоятлардан ҳам бир қанча спортчилар келишди. Орада мураббийларимиз бизни пишитишди.

Жаҳон чемпионатига 1 ойча вақт қолганида, рўйхат эълон қилинди. Қарасам, менинг ҳам исмим бор экан, жуда хурсанд бўлиб кетдим. Тўғриси, жуда орзу қилардим, жаҳон чемпионатига чиқишни, лекин ростдан ҳам чиқишимга ишонмасдим.

Бошида мусобақага тушмасам-чи, мени танлашмаса ҳам майли, деган фикр ҳам ўтди. Кейин йўқ, шунча ишонч билдиришдими, энди ҳаракат қилишим кераклигини тушундим. Лекин ютқазиб қўйишдан қўрққандим.

Болгарияга бориб қўнганимиздан кейин, 4 кун мусобақа бўлди. Биринчи куни бошқа 5 нафар спортчиларимиз тушди, ўша куннинг ўзида медаллар олиб, ўзларини кўрсата олишди. Мен шунинг эртасига тушдим. Ўзи биринчи кундагиларни кўриб, ҳаяжонланиб бўлгандим. Майдонга чиқиб, ҳакамни кўрганимдан кейин сал босилдим. Шундан сўнг биринчи раундда ютдим, анча хурсанд бўлдим.