Овозли хабар юборишни тақиқлаш ва Premium'ни бошқаларга совға қилиш — Telegram'дан янгиликлар
Telegram'нинг янги талқини эълон қилинди. Асосий янгиликлар мессенжернинг пулли Premium версияси фойдаланувчилари учун мўлжалланган. Энди улар бошқа фойдаланувчига Telegram-Premium'ни сотиб олиб беришлари, шахсий ёзишмаларда суҳбатдошининг овозли ва видео хабар юборишини чеклаб қўйиши мумкин.
12 август куни Telegram мессенжери илованинг янги талқинини тақдим этди.
Эндиликда Telegram Premium фойдаланувчиларида янгича махфийлик созламаси пайдо бўлди: улар ўзларига кимлар томонидан овозли ва видео хабарлар юборилиши мумкинлигини бошқара олишади.
Созламалар орқали муайян одамлар ёки гуруҳларнинг овозли хабарларни юбориш имкониятини чеклаш ёки истиснолар киритиш мумкин. Шунингдек, пулли версияда маълум шахслардан келган овозларни доимий равишда матнга ўгириш режимини ёқиш мумкин.
Яна бир имконият – Telegram Premium обунасини бошқаларга 3, 6 ёки 12 ойлик муддатга чегирма нархда совға қилиш мумкин. Ҳадя қилинган обуна ушбу фойдаланувчига махсус хабар сифатида дарҳол боради.
Telegram Premium'га обуна бўлиш ёки уни ҳадя сифатида бериш учун @PremiumBot очилган.
Бундан ташқари, илованинг янги талқини янгича эможилар тўплами ва платформасини ҳам ўз ичига олган – улар ҳам Premium-фойдаланувчилар учун. Янги анимацияли эможиларни хабарлар матни ва медиа изоҳларига киритиш мумкин бўлади. Premium фойдаланувчиларга ҳозирча 10 та дастлабки махсус эможи тўпламидан иборат 500 та эможи тақдим қилинган.
Оддий фойдаланувчилар ҳам ўзига юборилган анимацияли эможиларни кўриши ҳамда сақланган хабарлар чатида сақлаб, бепул фойдаланиши ҳам мумкин.
Шунингдек, янгиланишлар қаторига бошқа интерактив эможилар ва янги GIF'лар ҳам қўшилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил июн ойида Telegram фаол фойдаланувчилари сони 700 миллиондан ошганини маълум қилди ҳамда эксклюзив қўшимча функциялардан фойдаланиш имконини берувчи пулли обуна – Telegram Premium'ни тақдим этди.
Мавзуга оид
20:04
Криптовалюта билан боғлиқ битимлар Telegramʼнинг асосий даромад манбаига айланди
22:35 / 23.11.2024
Францияда депутатларнинг Telegram аккаунтлари бузиб кирилгани юзасидан тергов бошланди
18:03 / 03.11.2024
Telegram мини-иловалар учун янги функцияларни жорий қилади
19:23 / 02.11.2024