Жаҳон | 10:31 / 19.08.2022
10305
3 дақиқада ўқилади

Европанинг Украинага ҳарбий ёрдами июль ойида камайди

Июль Украинада уруш бошланганидан буён ЕИнинг бешта йирик давлати ва Буюк Британия Киевга янги ҳарбий ёрдам таклиф қилмаган биринчи ой бўлди, деб ёзади Politico Кил институти маълумотларига таяниб.

Фото: Picture Alliance

Евроиттифоқнинг бешта йирик давлати ва Буюк Британия июль ойи давомида Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни амалда тўхтатди. Шу билан бирга, апрель ойидан буён Буюк Британия, Франция, Германия, Испания, Италия ва Полшадан Киевга ёрдам кўрсатиш ҳажмининг пасайиш тенденцияси кузатилмоқда, деб ёзади Politico 17 август, чоршанба куни Кил жаҳон иқтисодиёти институти маълумотларига таяниб. Нашр Украинада уруш бошланганидан бери Киевга етказиб берилаётган ҳарбий юкларни кузатиб боради. 

Янги маълумотлар шуни кўрсатадики, сўнгги бир ой давомида Европанинг олтита йирик давлати Украинага ҳеч қандай янги икки томонлама ҳарбий мажбуриятларни таклиф қилмаган, июль Россиянинг тўлиқ миқёсли босқини бошланганидан бери биринчи шундай ойга айланди. «Уруш муҳим босқичга кирган бўлса-да, янги ёрдам ташаббуслари тугаб қолди», дейди Ukraine Support Tracker лойиҳаси раҳбари Кристоф Требеш.

Нашрнинг эслатишича, ўтган ҳафта ғарб иттифоқчилари Копенҳагенда учрашиб, янги ёрдам мажбуриятларини келишиб олган, улар Украинага 1,5 млрд евролик қурол-яроғ етказиб беришга ваъда қилган. Требешга кўра, бу рақам «аввалги конференцияларда эришилган натижалар билан солиштирганда аҳамиятсиз кўрсаткичдир». 

Кристоф Требеш Европанинг энг йирик давлатларини Украинадаги урушга еврозона инқирози ёки коронавирус пандемияси каби муносабатда бўлишга чақирди, бу икки воқеа қитъани фавқулодда молиялаштириш чораларини амалга ошириш учун юзлаб млрд евро йўналтиришга ундади. «Агар чек дафтарчасини олиб ташлаш тезлиги ва Украинага таклиф қилинаётган пуллар миқдорини солиштирадиган бўлсак, бу арзимас нарса», — деди у. Пандемияни тиклаш жамғармаси қарийб 800 млрд евро миқдорида кредит ва грантларни ўз ичига олади, Украинага жами ҳарбий ёрдам эса бу миқдорнинг фақат кичик қисмини ташкил этади, дея тушунтирди Требеш. «Хавф остида бўлган нарсани ҳисобга олсак, бу ажабланарли даражада кичик», дея қўшимча қилди у. 

Politico’нинг таъкидлашича, бу маълумотлар Украинага ҳарбий ёрдам Европа мудофаа сиёсатидаги тарихий ўзгаришларга қарамай, Киев ҳал қилувчи қарши ҳужумни бошлаган пайтда камайиши мумкинлигидан далолат беради. Бундан ташқари, улар Украина ҳарбийлари ва сиёсатчиларининг бир неча бор билдирган фикрларини тасдиқлайди, улар Европанинг йирик давлатларини Украинага ҳарбий ёрдам бериш масаласида АҚШдан ортда қолаётганликда айблайди. 

Мавзуга оид