Жаҳон | 10:47 / 20.08.2022
28283
3 дақиқада ўқилади

Россиялик сенатор урушга қарши чиққан қизидан воз кечди

Россиялик сенатор Эдуард Исаков Украинадаги урушга қарши позицияни эгаллаган тўнғич қизи Дианадан омма олдида воз кечди.

Фото: РИА Новости

2022 йил апрел ойида Исаковнинг тўнғич қизи, 25 ёшли Диана Сочи шаҳрида урушга қарши митингга чиқиб, варақа тарқатгани учун ҳибсга олинган эди. Тез орада сенатор бундан хабар топиб, қизининг сўзларига кўра, уни уйдан ҳайдаб чиқарган. Ҳозир Диана Россияда эмас. Мамлакатни тарк этишдан олдин у Meduza нашрига катта интервью бериб, сиёсатчи оиласидаги ҳаёти, шунингдек, урушга қарши чиққан россияликларга қандай ёрдам беришни режалаштираётгани ҳақида гапирган эди. Шунингдек, Диана отаси томонидан «оила душмани» деб эълон қилинганини таъкидлаганди.

«Мен қўрққан ҳамма нарса юз берди. У мени оиланинг, халқнинг душмани, сотқин ва жиноятчи деб атади», деган эди Диана.

Ханти-Мансийск-Югра автоном округидан Федерация Кенгашига сайланган сенатор Эдуард Исаков қизини «сотқин» деб атади ва интервью учун пул мукофоти олганини тахмин қилди.

«У махсус ҳарбий операция ўтказилишига, ўз мамлакати сиёсатига қарши эканини билдирмоқда. Афтидан, у интервью учун пул олган, бошқача айтганда, у отасини, оиласини, Ватанини сотиб, Россияни тарк этган. Қизингиз сотқин бўлиб чиқса, буни изоҳлашга сўз топиш қийин», — деб ёзди сенатор Телеграм каналида.

Meduza нашри сенаторнинг сўзларини инкор қилиб, интервью учун пул тўламаслигини, ҳеч қачон тўламаганини маълум қилди.

Шунингдек, Исаков Дианани уч ёшидан бери тарбия қилмаганини қўшимча қилди.

«Унинг Россияга қарши позицияси борлигини билганимдан бери биз алоқа қилмаймиз, уни маблағ ва уй-жой билан таъминламай қўйдим. Мен унинг ишлашини, катталар ҳаётини бошлашини, катталар каби ўйлашини кутган эдим. У эса ўзини сенаторнинг қизи деб таништириб, интервьюсини сотиш орқали пул ишлашга қарор қилди», деб ёзди Исаков.

Сенатор Эдуард Исаков Россиянинг Украинага босқинини фаол қўллаб-қувватлаб келаётган сиёсатчилардан бири ҳисобланади. У аввал ҳам бир неча маротаба «ватанпарварлик» мавзусида шов-шувли чиқишлари билан танилган. 

Жумладан, 2016 йилда Россия ҳудудлари учун ватанпарварлик рейтингини яратишни таклиф қилган эди.

«Менимча, мамлакатимизда, ҳудудларда маънавий-ахлоқий, фуқаролик, ватанпарварлик ва спорт таълимининг ҳолати ва самарадорлиги рейтингини яратиш муҳим аҳамиятга эга», деган эди сенатор.

2017 йилда эса ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш оиладан бошланишини таъкидлаган эди.

«Ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш маънавий-ахлоқий қадриятлар барпо этилган оиладан бошланади. Мактабларда фуқаролик ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси бўйича дарслар бўлиши керак, шунда болалар мактаб партасидан ўз мамлакатига масъулиятли муносабатда бўлишни, унинг буюк ўтмишини ҳурмат қилишни ва Россия келажакда чинакам давлат бўлиши учун ҳамма нарсани қилишга интилишни ўрганиши керак», деган эди у.

Мавзуга оид