Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Реал» можароли дербида ғалаба қозонди, «Рома» ва Шомуродов ютқазди, «Арсенал»да 15 ёшли вундеркинд ўйнади
Якшанба куни Европа футболида содир бўлган асосий воқеалар.
Испания: ғалаба рақси
Мадрид дерби арафасида можаро юзага келди, «Реал» ҳужумчиси Винисиус Жуниор диққат марказида турди. Испания спорт агентлари ассоциацияси президенти Педро Браво ушбу бразилиялик футболчига ўз голини маймунларга ўхшаб нишонланмасдан, махсус майдончада рақс тушишни таклиф қилди. Табиийки ирқчилик мавзуси кўтарилди, Браво эса сўзларига тушунтириш бериб, метафора ишлатгани ва бу сўз «аҳмоқлик қилиш» маъносида келганини айтди. «Атлетико» етакчиларидан бири Коке агар Винисиус голини рақс билан нишонлайдиган бўлса, ортиқча муаммога дуч келишидан огоҳлантириб, оловга мой сепди.
Бразилиялик футболчини кўплаб таниқли ватандошлари - Пеле, Неймар ва Дани Алвес қўллаб-қувватлади. Габриэл Жезус ўз голини рақс тушиб нишонлади, Винисиус эса ижтимоий тармоқда шундай пост жойлади: «Мен рақс тушишдан тўхтамайман».
Аммо бошланғич таркиблар маълум бўлганида, бу тарихни барча маълум муддатга унутиб турди - мавсумда биринчи марта «матрасчилар»нинг бошланғич таркибида Антуан Гризманн пайдо бўлди, Диего Симеоне уни шу вақтга қадар бирор ўйинда 60-дақиқадан олдин майдонга туширмаганди - клубнинг «Барселона» билан шартномасига кўра, ижарага олинган франциялик ҳужумчи агар мавсумдаги ўйинларнинг ярмида 45 дақиқадан кўпроқ ўйнаса, қўшимча 40 миллион евролик компенсация тўлаш керак бўлиши айтилган. У бошланғич таркибда майдонга тушгани ёки клублар муросага келгани ёки ўйиннинг аҳамияти юқори экани билан боғлиқ - бу ўйин «Атлетико»нинг ҳужумлари билан бошланди.
Аммо бу «Реал»ни қўрқита олмади. Меҳмонлар босимни енгиб ўтишди ва аъло даражадаги қарши ҳужум уюштиришди, ҳужум якунида Тшуамени тўпни ҳимоячилар ортига чиқиб борган Родригога ташлаб берди. Кутилганидек бразилиялик футболчи бурчак томон чопиб борди ва Винисиус билан рақс тушди — трибуналарда янграган ҳуштакбозликлар ва отилган турли буюмлар фонида.
Куртуанинг манзилига ҳам ҳуштакбозлик қилинди, у Мадриднинг иккинчи ярмидаги мухлислар кумиридан нафрат объектига айланган. Бельгиялик футболчи ҳар сафар «Реал»ни қутқарганида бу такрорланди. Винисиус ижросида яна бир самбу рақси бўлиши мумкин эди - аммо унинг зарбаси устундан қайтди, тўпга эса биринчи бўлиб етиб келган Вальверде ҳисобдаги устунликни оширди.
Ўйиннинг иккинчи бўлимида «Атлетико» тўпни ўз назоратига олди ва мунтазам босим уюштирди. Ўйин охирида эса бурчак зарбаси ижро этилганида Куртуа тўпга чиқишда элементар хатога йўл қўйиб, Эрмосо тўпни елкаси билан дарвоза тўрига йўналтиришига имкон берди. Мезбонларни фақат можароли четлатиш тўхтата олди: Қўшимча дақиқаларда навбатдаги бурчак тўпи ижро этилаётганида Себальос жарима майдони ичида симуляция ишлатиб, газонга йиқилди, ҳакам эса Эрмосога иккинчи сариқ карточкани кўрсатди.
«Реал» қандай қилиб бўлмасин вазифани уддалади ва ҳамон йўқотишсиз давом этмоқда. Карло Анчелотти жамоаси иккинчи бўлимда дарвоза соҳасига бирорта аниқ зарба йўллай олмаганини ҳеч ким эслаб ўтирмайди. Лекин мавсум барча турнирлар доирасидаги 9 ғалаба билан бошлангани тарихда қолади - бу Мадрид жамоасининг 1968 йилдан буён қайд этган энг яхши стартидир.

Англия: «Арсенал» яна биринчи
Ўтган мавсумда «Арсенал» «Брентфорд» майдонида йирик ҳисобда ютқазганди, аммо ўшандан буён вазият ўзгарди. «Канонирлар» бу ўйинга етакчиликни қайтариш вазифаси билан келишди - бир кун олдинги ўйинларда ғалаба қозонган «Манчестер Сити» ва «Тоттенҳэм» Артета шогирдларини қувиб ўтганди. Меҳмонлар бу вазифани аъло даражада уддалашди. Биринчи гол кўп куттирмади ва бурчак зарбаси ижро этилганидан кейин Салиба бош билан дарвозани ишғол қилди.
Бу гол ва Чаканинг узатмасидан кейин Габриэл Жезус ҳисобдаги фарқни ошириши орасида кўп вақт ўтмади, иккинчи гол билан меҳмонлар ўйин назоратини узил-кесил мустаҳкамлашди. Ўйиннинг иккинчи бўлими бошланганида АПЛда илк бор бошланғич таркибда майдонга тушган Фабио Виейра узоқ масофадан аниқ зарба йўллагач, ўйиннинг қолган қисми расмиятчилик учун ўтадиган бўлди.
Мезбонлар шунчалик хавфсиз эдики, Микел Артета майдонга шу куни 15 ёшу 181 кунлик бўлган яримҳимоячи Нванерини туширишдан тап тортмади ва уни турнир тарихидаги энг ёш футболчига айлантирди.

Асосийси «Арсенал» яна биринчи ўринда, аммо қизил-оқларни терма жамоалар ўйинлари учун танаффусдан кейин «Тоттенҳэм» ва «Ливерпул» қиёфасидаги ҳақиқий синовлар кутмоқда.

Италия: Грандлар мағлубиятга учраган тур
«Интер»нинг Удинедаги мағлубиятини исталганча таърифлаш мумкин, аммо бу сенсация эмас. Гап миланликларнинг беқарор ўйинида эмас, балки «Удинезе» ёрқин ўйин кўрсатаётганидадир. «Зебралар» бу тургача тўрт ўйиндан иборат ғалабали серия билан келишди, мағлуб этилган жамоалар қаторида «Рома» (4:0) ҳам бор, шундай экан, Барелланинг ўйин бошида жарима нуқтасидан урган шоҳона голи мезбонларни довдиратиб қўя олмади.
Улар ҳам стандарт вазиятда Шкриньярни тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйишга мажбур қилишди ва ҳисобни тенглаштиришди. Ўйин охирида эса Деулофеунинг индивидуал маҳорати Бийол муаллифлигидаги голга олиб келди, ЦСКАнинг собиқ футболчиси узоқ устун томон узатилган узатмани боши билан дарвозага тўғрилаб қўйди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Арслан якуний ҳисобни ўрнатди - 3:1. «Удинезе» бу ғалабадан кейин бир неча соат А Серия турнир жадвалини бошқариб турди.
Массимилиано Аллегри зарбаларга дош бермоқда ва аутсайдер жамоага қарши ўйиндан олдин ўзининг истеъфоси ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. «Бир омадсиз ўйин ва матбуот ёзиб чиқади: «Аллегрининг фаолияти таҳдид остида». Бу кулгили», — деди «Ювентус» бош мураббийи.
Аммо муаммо шундаки, «Кекса синьоралар»да омадсиз ўйинлар ҳар қачонгидан кўпроқ бўлмоқда. Бу мураббийнинг жамоаси сўнгги бор 31 август куни ғалаба қозонганди ва олти турда фақат бир очко олган «Монца»га мағлуб бўлиш — қуйи нуқтадир, Ди Мария биринчи бўлимда майдондан четлатилиши ва кадрлар бўйича йўқотишлар ҳам буни оқлай олмайди.
Аллегри ўйиндан кейинги интервьюсида «Юве» учун туннел охирида ёруғлик бўлиши ҳақида айтди. Лекин бу ёруғликка қайси мураббий билан етиб борилади? Ҳозирча Аллегрига ишонишмоқда ва бу версияни клуб раҳбарларидан бири Маурицио Арривабене ҳам тасдиқлади ва шундай деди: «Ҳозир Аллегрини ишдан бўшатиш аҳмоқлик бўлади. Унда лойиҳа бор ва бу лойиҳа тўрт йил ичида амалга оширилиши керак».
Кучли учликда «Аталанта» ўрнини эгаллаш имкониятини бой берган «Рома»да ҳам ҳаммаси жойида эмас. Аммо бу ерда холис бўлиб тан олиш керакки, жароҳат олиб сафдан чиққан Дибаласиз римликлар жамоасида самарадорлик етишмаяпти. Майдон эгалари зарбалар сони бўйича рақибдан қарийб етти баробар устунлик қилишди (21-4), аммо ҳеч ким совуққонлик кўрсата олмади, бу ишни рақиблар сафидаги 18 ёшли Скальвини намойиш этди. Унинг зарба беришдаги ижро маҳоратига катта футболчилар ҳам ҳавас қилиши мумкин.
«Бўрилар» эса ўлжани ушлай олмаяпти. Абраҳам бирга-бир вазиятни йўққа чиқарди, ўйин охирида унинг ўрнига майдонга чиққан Шомуродовда ҳам уч вазият бўлди, у биринчи ҳолатда қулай позицияда туриб бош билан аниқ зарба бера олмади, иккинчи ҳолатда жарима майдонига кирмай йўллаган зарбаси устун ёнидан ўтиб кетди, навбатдаги ҳужумда эса ўзи бошлаган қарши ҳужумни ўзи зарба билан якунлаш ўрнига, тўпни шеригига узатишга қарор қилди, аммо пасни рақиб ҳимоячиси тўсиб қолди.
Бу ўйинда бергамоликлар посбони Муссо жароҳат олгач, уни алмаштирган Спортьелло ҳам аъло даражада ҳаракат қилди. Мағлубиятсиз серияни давом эттирган «Аталанта» «Удинезе»ни биринчи ўриндан тушириб юборди ва «Сан-Сиро»даги ўйинга қадар пешқадам бўлиб олди. Жозе Моуриньо эса иккинчи бўлим бошларида ҳиссиётларини жиловлаб тура олмади ва майдонга чопиб чиқиб, қизил карточка олди.
«Милан» турнинг асосий ўйини арафасида ўзининг айни вақтдаги энг ёрқин футболчиси — Рафаэл Леаусиз қолди, «Наполи» эса — Осимхенсиз ўйнамоқда, лекин унинг йўқлиги жанубликлар жамоасининг Чемпионлар лигасидаги иштирокига салбий таъсир кўрсатмаяпти. Ўйиннинг биринчи рақамли юлдузи бўлиш учун бу сафар ҳам Кварацхелия даъвогар эди, мезбонлар нима қилиб бўлса ҳам ушбу футболчини тўхтатишга ҳаракат қилишди. Кьер биринчи дақиқадаёқ елкаси билан Хвичанинг юзига зарба берди, аммо бу грузиялик яримҳимоячини тўхтатмади, балки ғазаблантирди.
У ўз имконини излади, иккинчи бўлим бошида захирадан ўйинга қўшилган Дестни ўзини жарима майдонида йиқитишга мажбур қилди. Бу бир неча кун олдин «Рейнжерс»га қарши ўйиндаги каби сценарий эди, аммо 11 метрли нуқтани ижро этган Политанога бу сафар омад ёрдамга келишига тўғри келди. Пенальтичилар кушандаси ҳисобланган Меньян зарба йўналишини топди, аммо тўп унинг қўлидан сирғалиб чиқиб, дарвоза тўрига бориб тушди.
«Милан» ирода кўрсатди. Леаусиз ҳам «россонерилар»нинг чап қаноти — ҳар қандай рақиб учун офатнинг ўзи ва буни майдон эгалари сардори Эрнандес исботлаб, Жируга голли пас берди.
Аммо бу ўйинга дисквалификация қилинган Лучано Спаллетти шогирдлари ўзини йўқотиб қўймади ва Марио Руйнинг Симеонега узатмаси билан ҳисобдаги устунликни ўзига қайтарди. Ўйин охирларида Калулу дарвозабон билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади - унинг зарбаси фақат тўсинни титратди. «Наполи» ҳам омад, эвазига ҳам ўз саъй-ҳаракатлари эвазига биринчи ўринга қайтди.

Франция: Месси ва Неймар яна ҳал қилди
Франция чемпионатида 100-ўйинини ўтказган Неймар пас берди — Месси гол урди. Бу мавсумда «ПСЖ» сафида эски қадрдонлар худди «Барселона»даги шонли даврлардаги каби ўйнашмоқда. Улар аллақачон беш мартадан бир-бирига голли пас беришди ва Лига 1 чемпионатидаги энг самарадор жуфтлик бўлиб туришибди. Икки юлдузли футболчи ижросидаги тезкор гол жамоанинг қаторасига тўртинчи ўйинда ғалаба қозонишини таъминлади ва жамоа 8 ўйиндаги очколари сонини 22 тага етказди, аммо парижликлар энг яқин таъқибчисидан узоқлашиб кета олмаяпти.
Lionel Messi vs. Lyonpic.twitter.com/9EMyW7LXdS
— ّ (@LSVids) September 18, 2022
Иккинчи ўриндаги «Марсел» ҳамон икки очколик фарқ билан таъқиб этмоқда, турнир жадвалининг юқори қисмидаги жамоалар бир-бирига жуда яқин жойлашишган. Уч очколик тизимга ўтилганидан буён ҳали ҳеч қачон кучли тўртликдаги жамоанинг жами очколари сони 8-турга келиб 79 баллни ташкил этмаганди - бу мавсумда сенсация кўрсатаётган «Лорьян» ва «Ланс»да мос равишда 19 ва 18 очкодан бор.

Германия: Берлин биринчи
«Бавария» тормозланаётган вақтда, турнир жадвалининг юқори қисмида кутилмаган меҳмонлар жойлашган. Якшанба куни Беккернинг ёрқин ўйини эвазига ғалаба қозонган «Унион» яна биринчи ўринга чиқиб олди. Нидерландиялик ҳужумчи аввалига Сьебатшенинг узатмасини дарвозага жойлади, кейин ҳимоячилардан қочиб кетди ва турнир жадвалининг қуйи қисмида қолаётган «Вольфсбург» дарвозабонини имконсиз қолдирди.
Аввалги турларда биринчи ўринни эгаллаб турган «Фрайбург» «Ҳоффенҳайм» билан дуранг ўйнади ва энди берлинликлардан уч очкога ортда қолмоқда. Урс Фишер бошқарувидаги «Унион» бундеслигада мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлиб қолмоқда.

Кун статистикаси
- «Монц» А Сериядаги илк ғалабасига «Ювентус»га қарши ўйинда эришган 2-жамоа бўлди.
- Италиянинг 4 топ-клуби — «Интер», «Милан», «Ювентус» ва «Рома» — бир турда биргаликда мағлуб бўлиши охирги марта 1955 йил 13 февралида қайд этилганди.
- «Бетис» ҳужумчиси Борха Иглесиас йил бошидан буён барча турнирлар доирасида 18 гол урди. Ла лигада у самарадорлик бўйича фақат Карим Бенземадан ортда (28 гол).
- «Арсенал» сафида бошланғич таркибдаги илк ўйинида гол урган футболчилар сони 19 нафарга етди, аммо фақат Фабио Виейра жарима майдони ташқарисидан туриб дарвозани ишғол этган.
- Ла лигада «Севилья» яримҳимоячиси Иско гол ва пас тизими бўйича 100 балл жамлади (51 гол ва 49 узатма)
- «Ницца» ҳимоячиси Тодибо ўйин бошланишидан 9 сония ўтиб қизил карточка олди ва жамоа «Анже»га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди.